Россия чемпионати (Биринчи лига) иккинчи дивизионида тўп сураётган Владикавказнинг «Алания» клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Қаршининг «Насаф» клуби ҳужумчиси Ҳусаин Норчаевни 300 минг евро эвазига сотиб олди. Гарчи футболчининг нархи 900 минг евро бўлса-да, бу кўрсаткич бўйича уни Ўзбекистон Суперлигасининг иккинчи футболчисига айлантиради. Бу ҳақда Transfermarkt хабар берди.
Норчаев «Алания» билан уч ярим йиллик шартнома имзолаган. Шартнома тафсилотлари кўрсатилмаган.
«Алания» раҳбарияти анчадан бери Норчаевни кузатиб келган, улар Туркиядаги йиғинда «Насаф» билан келишишга муваффақ бўлишган. «Алания» бу иш қишки трансфер ойнасида амалга ошишини таъкидлайди, 21 ёшли футболчининг ўзи ҳам имкон қадар тезроқ Россияга кўчиб ўтиш истагини билдирган. Metaratings хабарига кўра, «Насаф» раҳбарияти бу жараёнда ён босган. Ўзбекистонлик ҳужумчи 20 февраль куни Москвага учиб кетган ва у ерда шартнома имзолашдан аввал тиббий кўрикдан ўтган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, Норчаев баҳоланиш бўйича «Пахтакор» клуби аъзоси Одил Ҳамробековдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган ва уни мутахассислар 1 миллион еврога баҳолашган.
Биринчи лигадаги 20 турдан сўнг «Алания» турнир жадвалида иккинчи поғонани эгаллаб турибди, бу эса РПЛга кириш ҳуқуқини беради. Бироқ Владикавказ жамоасини атиги бир очко ортда қолган Қозоннинг «Рубин» клуби таъқиб қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, «Алания» сўнгги йилларда ўз ўйинларини Грознийдаги стадионда ўтказмоқда.
Турли йилларда «Алания»да ўзбекистонлик бир қанча футболчилар тўп сурган, жумладан Геннадий Денисов, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Андрей Федоров, Бахтиёр Ашурматов, Павел Бугало, Даврон Файзиев, Санжар Турсуновлар.
Жорий мавсумда Норчаевдан ташқари Биринчи лига клубларида уч нафар ўзбекистонлик футболчининг қуйидаги клубларда тўп суриши малум бўлди: Вагиз Галиулин (Нижнекамскнинг «Нефтехимик»ида), шунингдек, Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев («Рубин»да). РПЛда Иброҳимҳалил Йўлдошев («Нижний Новгород») ва Хожимат Эркинов (Москванинг «Торпедо»си) ўйнашмоқда.
Ҳусаин Норчаев — Қарши футболи тарбияланувчиси. «Алания»га кўчиб ўтишдан олдин у «Насаф» клубида ўйнаган. Асосий жамоада ўйнаган уч мавсум давомида ҳужумчи барча расмий турнирларда роппа-роса 100та ўйин ўтказиб, 40та гол урган ва 9та голли узатмани амалга оширган. У Ўзбекистон Суперлигаси кумуш медаллари ва мамлакат кубоги соҳиби. 2020/2021 йилги мавсумда ҳужумчи Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) кубогининг энг яхши тўпурари бўлган ва ўз клубига турнир финалига чиқишига ёрдам берган. Норчаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида саккизта ўйин ўтказиб, учта гол урган.