Қоҳирада бўлиб ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес-форумида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 та битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мисрнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Учрашув Мирзиёев 20 февраль куни расмий ташриф билан келган Қоҳирада бўлиб ўтган. Миср томонидан тадбирда халқаро ҳамкорлик бўйича вазир Рания ал-Машат, Савдо палаталари федерацияси президенти Иброҳим Маҳмуд ал-Арабий, Elsewedy Electric, El Araby Group, Orascom Construction, Poliserve Group, Al-Rowad, Lotus Garments Group каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
«Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар очиқ», — деди Ўзбекистон президенти.
Бизнес-форум ташриф арафасида – 19 февраль куни бўлиб ўтган. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотларига кўра, унда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 200 га яқин вакиллари иштирок этган. Кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинган.
Жумладан:
👉 Elsewedy Electric компанияси шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабел ва сим маҳсулотлари ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини маълум қилган;
👉 Orascom Construction раҳбарияти Ўзбекистонда қурилиш материаллари учун лак-бўёқ ва кимёвий моддалар ишлаб чиқарадиган саноат паркини ташкил этиш, шунингдек, қуввати 100 МВт бўлган шамол станциясини қуриш ниятида;
👉 Имзоланган қатор инвестиция ва савдо шартномаларида ўзбек тўқимачилик корхоналарини Порт-Саидда ташкил этиш, кейинчалик уларнинг маҳсулотларини Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи арафасида ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов Қоҳирада Мисрнинг муҳим вазирлик ва идоралари вакиллари ҳамда етакчи Миср компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказган. Жумладан, у Савдо ва саноат вазири Аҳмад Солиҳ билан учрашган. Томонлар Порт-Саид шаҳрида қўшма Саноат кооперацияси ва маҳсулотлар тарқатиш марказини ташкил қилиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш, қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини 2023 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қатор амалий чора-тадбирларни келишиб олганлар.
Air Cairo авиакомпанияси раҳбари Ҳусайн Шериф билан суҳбатда Ўзбекистон ва Миср ўртасида географияни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Миср томони яқин келажакда Қоҳира-Тошкент-Қоҳира йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга ва мамлакатлар ўртасидаги рейслар сонини ҳафтасига 14 тага етказишга тайёрлигини маълум қилди.
Orascom Investment Holding президенти Амжад Сабри билан учрашувда геология, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати лойиҳаларини тайёрлаш, шунингдек, меҳмонхона мажмуаларини қуриш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинди.