Жорий йилда Бухорода электр энергияси тақчиллиги 150 миллион кВт/соат, йиллик истеъмол 4,3 миллиард кВт/соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига сафари ҳақидаги материалида хабар берди.
Ўзбекистон Президенти ташрифи дастуридан ўрин олган масканлардан бири — Aksa Enerji Bukhara компанияси томонидан ўтган йили фойдаланишга топширилган қуввати 270 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси бўлди. 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобидан барпо этилган мазкур иссиқлик электр станциясига Туркиядан учкуна ва жиҳозлар келтирилган, бу ерда 150 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
Станция қуввати йилига 2,2 миллиард кВт/соатгача ишлаб чиқариш имконини беради, бу эса Бухоро вилояти истеъмолининг 60 фоизини қоплайди.
Мирзиёев 17 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоятда қўшимча қувватлар яратиш, мавжудлари самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Бухородаги иссиқ иқлим назарга олинган ҳолда Президент 740 та корхона (22 МВт қувватга эга) ва ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйларга (11 МВт қувватга эга) қуёш панелларини оммавий равишда ўрнатишни таклиф қилди.
Вилоятдаги 45 та йирик саноат корхонасида электр тармоқларини янгилаш, энергияни кўп талаб қилувчи ускуналарни алмаштириш электр энергияси йўқотишларини 50 миллион кВт/соатга камайтириш имконини беради. Жумладан, «Аму-Бухоро» насос станциясида частотали бошқариш воситаларини янгилаш ҳисобига бу йил 60 миллион, келгуси йил 100 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкин.
Йиғилиш аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди.
Улар — Ғиждувон туманидаги «Ғиждувон ипак тола», Бухоро шаҳридаги «Лайхтер Камалак Текстайлен», Жондор туманидаги «Аржумандбону чорваси», Ғиждувон туманидаги «Усмон Шер Шамшод», Ромитан туманидаги «ВБМ Ромитекс» корхоналари ва Бухоро шаҳридаги тўрт юлдузли меҳмонхонадир.
Шундай қилиб, ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган бу мажмуаларда 3 минг 500 та янги иш ўрни очилади. Умуман, буларнинг натижасида вилоят ишлаб чиқаришига 850 миллиард сўм қўшилади.
Жорий йилда Бухорода 880 миллион долларлик 703 та корхонани ишга тушириб, 15 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга 220 миллион доллар кредит ва инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилади.
Президент ҳар бир туман ҳокимига қўшимча захира топиб, яна камида 50 миллион доллар инвестиция олиб келиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.
ℹ️ Сўнгги беш йилда Бухорода 31 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 3 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Ишлаб чиқариш 4,3 бараварга кўпайган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 27 триллион сўм бўлган. Саноат экспорти 200 миллион долларга етган.
Вилоятдаги 11 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан қарийб 77 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 2022 йили салкам 99 минг гектар майдонда 358 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилган.