Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Озодлик» (Россия Федерациясида хорижий агент деб тан олинган Озодлик радиосининг ўзбек хизмати) суриштирув материалида келтирилган мамлакатнинг барча нефть ва газ конлари Россия компанияларига ўтказилгани ҳақидаги маълумотни нотўғри деб атади.
«Ёлғон. Бу — мутлақо асоссиз ва нотўғри талқин қилинган маълумот. Барча эксплуатациядаги конларнинг аксарияти «Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли. Бу ахборот фақатгина «Мустақилликнинг 25 йиллиги» номли конни ўзлаштириш ва ишлатишга тегишли», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 250 дан ортиқ нефть ва газ кони мавжуд, у — шу конларнинг биттаси.
«Имзоланган битимга асосан, конни ўзлаштиришга оид барча харажатлар давлат кафолати ёки бюджет маблағлари ҳисобидан эмас, тўлиқ инвесторлар ҳисобидан амалга оширяпти. Фойданинг 50 фоизи инвесторга, 50 фоизи давлатга тегишли бўлади. Қонунчиликда ушбу келишув маҳсулотни тақсимлаш битими дейилади. Ҳамкорлар, хорижий инвесторлар билан фақат битта кон бўйича имзоланади», — қайд этди вазир.
«Нега 35 йил, деб сўраяпсиз. Бизнинг бешта МТБ (маҳсулотни тақсимлаш битими) 25 йилдан 42 йилгача бўлган муддатга тузилади. Масалан, «Лукойл» билан Қандим кони бўйича тузилган шартноманинг муддати 42 йил, чунки 8 йил қидирув ишларига сарфланади. «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини (илгари «Гаджак» деб аталган) бўйича шартнома 35 йилга тузилган, жумладан 8 йили разведка ишларига кетади», — дея тушунтирди Мирзамаҳмудов.
Gazeta.uz хабарига кўра, вазир Ўзбекистон ҳукумати нефть ва газ конлари бўйича МТБ шартномасини тузган бошқа хорижий компанияларни ҳам айтиб ўтган. Масалан, Американинг Epsilon компанияси 18 та, Хитойнинг CNPC 13 та, Россиянинг «Лукойл» 13 та, «Газпром» иккита конни ўзлаштирмоқда.
Ўзбекистондаги 294 та нефть ва газ конининг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли, 176 та конда хорижий компаниялар ишламоқда, деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
«Озодлик» текширув доирасида россиялик ишбилармонлар билан алоқадор бўлган Кипрнинг Altmax компаниясининг 2017 йил учун молиявий ҳисоботини ўрганиб чиққан ва «апрель ойида Altmax ва унинг Natural Gas-Stream бўйича ҳамкорлари Ўзбекистон ҳукумати билан шартнома имзолагани ва унга кўра, улар 35 йил давомида Ўзбекистондаги ҳар қандай нефть ва газ лойиҳаларини амалга ошириш учун эксклюзив ҳуқуқни қўлга киритганлар»ини аниқлаган.
Natural Gas-Stream 2016 йил охирида Gas Project Development Central Asia (Швейцария) ва «Ўзбекнефтгаз» томонидан паритет асосда ташкил этилган қўшма корхонадир. Қўшма корхона Устюрт ҳудудидаги газ конларини қидириш ва ўзлаштириш билан шуғулланади. Ўзбекистон Энергетика вазирининг сўзларига кўра, қўшма корхона 10 та конни ўзлаштирмоқда.