РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари туркманистонлик ҳамкасбига рус дори-дармонларини реклама қилди

РФ ССВ биноси. kolosinform.ru сайти фотосурати

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашко Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазири Атагелди Германов билан суҳбатда Россияда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг афзалликлари ҳақида гапириб берган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.

Мурашконинг сўзларига кўра, Россияда кўплаб сифатли ва ҳамёнбоп дори-дармон ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, улар арзонроқ, аммо сифати хорижий маҳсулотларникидан кам эмас.

«Бугунги кунда Россия фармацевтика бозоридаги дори воситаларининг 70 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилади. Юқори сифат стандартларини сақлаб қолиш билан бирга, улар кўпинча импорт қилинган маҳсулотларга қараганда арзонроқдир. Россияда ҳам онкологик, ревматологик, орфан (ноёб) касалликларни даволашда қўлланиладиган инновацион препаратлар ишлаб чиқарилади», — деди Мурашко.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни батафсилроқ муҳокама қилиш учун россиялик вазир туркманистонлик ҳамкасбини Санкт-Петербургдаги «Соғлом жамият» форумига таклиф қилди.

Ўз навбатида, Германов Мурашкога таклиф учун миннатдорчилик билдирган ва Туркманистон Россиядан соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаси мутахассисларининг ташрифини интиқлик билан кутаётганини, Россия тиббиёт таълими сифатини юқори баҳолашини ҳамда онкология, болалар хирургияси ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қўшимча қилган.

РФ ҳукумати Украина ҳудудида махсус ҳарпбий операция (МҲО) бошлагандан сўнг, Ғарб фармацевтика компаниялари Россияга дори номларининг тахминан 8 фоизини, шу жумладан анти-паркинсон ва ўсмага қарши дори-дармонларни етказиб беришни тўхтатдилар. «Круг Добра» хайрия жамғармаси Россия Федерациясига қарши санкциялар фонида логистиканинг мураккаблиги ва санкция остидаги мамлакатларда Ғарб ишлаб чиқарувчилари томонидан дори воситаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги сабабли етказиб бериш муддатлари ошиши мумкинлигидан хавотирда. Inbio Ventures венчур фонди илмий экспертизаси раҳбари Илья Ясний фикрича, Россия компаниялари бозорни халқаро дори-дармонларнинг барча аналоглари билан таъминлай олмайди, чунки мавжуд дори-дармонларни кўпайтириш, оддий, паст молекуляр дори-дармонларни яратиш уч йилдан беш йилгача, мураккаб биомолекуляр дорилар эса учун ўн йилгача муддат талаб этилишини таъкидлайди.

Аввалроқ, Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова Соғлиқни сақлаш вазирлигига хорижий аналоглар етишмай қолган тақдирда Россия ва дўст хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилмайдиган дори воситаларини қидиришни бошлаш бўйича топшириқ берган эди.

Туркманистонда қонундан ташқари деб топилган мустақил матбуот кўпинча маҳаллий тиббиётни танқид қилади. Уларнинг манбаларига кўра, маҳаллий шифокорлар «юракда сув йиғилиши» каби ташхисларни осонгина қўйишлари мумкин. Собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсан ўзи тузган тўплам асосида ўтлар билан даволаш фаол реклама қилинади. Фақат Ашхободнинг махсус «тиббиёт квартали» клиникаларидаги шифокорлар озми-кўпми самарали ишлашади. Бироқ, у ерда даволаниш жуда қиммат туради. Бошқа тиббиёт муассасаларида деярли барча хизматларга ҳақ тўланади, гарчи расман мамлакатда мажбурий тиббий суғурта мавжуд бўлсада.

Янги тиббиёт марказлари қурилишига сармоя киритилаётгани ва туркман тиббиётининг муваффақияти ҳақида хабар берилганига қарамай, Туркманистон халқи имкон қадар хорижда даволанишга ҳаракат қилади: уларнинг фикрича, маҳаллий шифокорларнинг хизмати қиммат ва сифатсиздир.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди