ОТБ Ўзбекистонга иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш чора-тадбирлари учун 150 миллион доллар кредит ажратади

Ўзбекистон молия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 миллион долларлик кредит ва 400 минг долларлик грант ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон янада очиқ ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтишга ёрдам берадиган ислоҳотларга қатъий интилишини намойиш этди. ОТБ макроиқтисодий барқарорлик ҳамда инклюзив ва барқарор ўсишни таъминлашда мамлакатга ушбу мақсадга эришишда ёрдам беришда давом этади», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

Ажратилган маблағлар ОТБнинг Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастурининг 2-босқич биринчи кичик дастури доирасида сарфлаш учун мўлжалланган. У Ўзбекистонда давлат секторини бошқариш ислоҳотларини чуқурлаштиришга қаратилган бўлиб, қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

👉 фискал риск ва давлат қарзини бошқаришни кучайтириш;

👉 гендер бюджети ва яшил бюджетлаштириш орқали давлат ресурсларини тақсимлашни такомиллаштириш;

👉 ахборот технологиялари асосида солиқ маъмуриятчилиги орқали ички ресурсларни сафарбар қилишни такомиллаштириш;

👉 ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтириш;

👉 Коррупцияга қарши курашиш ва аудит тизимлари самарадорлигини ошириш;

👉 Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

ℹ️ Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга умумий қиймати 10,8 миллиард доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратди.

Аввалроқ ОТБ 2022-2024 йиллари Ўзбекистонга умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 27 та лойиҳани амалга оширишда ёрдам бериши ҳақида хабар берилган эди. Масалан, ўтган йили қуйидаги маблағлар ажратилди:

✅ «Фаол контрциклли ҳаражатлар барқарорлиги ошириш» (BRACE) лойиҳаси доирасида 500 миллион доллар.

✅ Бухоро ва Сурхондарё автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун 273,8 миллион доллар;

✅ Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини бошқариш учун 150 млн.

✅ Бухоро шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида модернизация қилиш учун 100 млн.

✅ 100 миллион доллар – «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси учун.