Қозоғистон президенти ҳукуматга Туркияга ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион доллар ажратишни топширди

Қосим-Жомарт Тўқаев. Қозоғистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Вазирлар Маҳкамасига даҳшатли зилзиладан жабр кўрган Туркияга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион доллар ажратишни топширди. Бу ҳақда 8 февраль куни Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Давлат раҳбари ҳалокатли зилзила натижасида жабр кўрган Туркия Республикасига фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун ҳукуматга 1 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Қозоғистон ваколатли органлари Туркия томони билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун қўшимча ёрдам кўрсатиш масаласини ўрганмоқда», — дейилади хабарда.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, президент топшириғига кўра иккинчи қутқарувчилар гуруҳи Туркияга жўнатилган.

«Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчиларидан иборат яна бир самолёт зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Туркияга учмоқда. Иккинчи эшелон 60 нафар шахсий таркибдан иборат бўлиб, улар орасида қутқарувчилар, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Табиий офатлар тиббиёти маркази шифокорлари, кинология отрядлари бор. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари 150 га яқин турдаги авария воситалари ва жиҳозлари, 160 дан ортиқ турдаги дори воситалари билан қуролланган», — дейилади вазирлик хабарида.

Қозоғистон ФВВ ходимларининг иккинчи гуруҳи Газиантеп шаҳридаги қидирув-қутқарув ишларига қўшилади. Шундай қилиб, Туркияга жалб қилинган қозоғистонлик қутқарувчиларнинг умумий сони 100 кишини ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда 6 февраль куни кучли зилзилалар содир бўлди, камида 7,7 магнитудали иккита силкиниш қайд этилган. Натижада, сўнгги маълумотларга кўра, 5,8 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони 34 мингдан ошган. Мамлакатда 12 февралга қадар миллий мотам эълон қилинган.

Вайронкор силкинишлар Сурияда ҳам содир бўлиб, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси маълумотларига кўра, бу ерда 1,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Маҳаллий ҳукуматлар мамлакатдаги вазиятни «гуманитар фалокат» деб атамоқда. Бундан ташқари, силкинишлар Исроил, Ироқ, Кипр, Ливан, Грузия, Россия ва ҳатто Гренландияда ҳам сезилган.

7 феврал куни Туркманистон ҳукумати Туркия томонига тегишли дори-дармонлар ва тиббий буюмлар, шунингдек, инсонпарварлик ёрдами сифатидаги маҳсулотлар жўнатишга қарор қилганини қўшимча қиламиз. Ўз навбатида Қирғизистон ҳукумати Туркиядаги зилзила қурбонларига ёрдам бериш учун ягона депозит ҳисобварағини очган. 7 февраль куни Ўзбекистондан икки самолёт Туркиянинг энг кўп жабрланган Адана ва Газиантеп шаҳарларига гуманитар ёрдам ва бир гуруҳ қутқарувчиларни етказиб берди. Айни пайтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари 15 мингдан ортиқ ўзбеклар истиқомат қиладиган Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқдалар. Тожикистон Туркияга гуманитар ёрдам ва 50 нафар қутқарувчи жўнатиш ниятида эканини маълум қилди. Гуруҳ юқори малакали қутқарувчилар, жарроҳ ва травматологлардан иборат бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ