Қозоғистон жанубидаги пахтани қайта ишлаш корхоналари хомашё етказиб берувчилардан бир ярим миллиард тенгедан (3,2 миллион доллар) ортиқ қарздор бўлган. Бу ҳақда 7 февраль куни «Казахстанская правда» нашри хабар берди.
Республикамизнинг пахта етиштириладиган ҳудудларида баҳорги дала ишлари яқин кунларда бошланиши керак. Бироқ деҳқон хўжаликларининг ўтган йилги ҳосил учун тўловлари ҳалигача олинмагани боис, кредитларни тўлаш ва янги экиш кампанияси учун маблағ олишга маблағлари йўқ.
Бу ҳолат вилоятнинг Жетисой, Мақтаорал ва Шардара туманларида ҳам шаклланган. «Ягона фарқ – қайта ишлаш корхоналари эгаларининг етказиб берилган хомашё учун қарзлари миқдорида», деб ёзади газета. «Улар қарзини пахта толасини сота олмаётганликлари» билан изоҳлайдилар
Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Ермек Кенжеханули жабрланган фермерлар билан учрашиб, уларга экинларни диверсификация қилиш – сабзавот, полиз экинлари етиштириш ва бошқа экинларни ривожлантиришни таклиф қилди.
«Ўтган йили Туркистон вилоятида пахта етиштириш учун 126,3 минг гектар майдон ажратилди», — дея Кенжехонули сўзларини келтиради нашр. – Хомашё йиғими 361,8 минг тонна маҳсулотни ташкил этди. Геосиёсий вазият туфайли пахта толасини экспорт қилиш қийинлашган».
Хусусан, логистика янада мураккаблашган, савдо ҳамкор компаниялар бозорни тарк этишган. Бу ҳолат пахта хомашёсининг харид нархи ва тола таннархига бевосита таъсир қилган. Расмийга кўра, бу йил тола экспорти муваффақиятли бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бироқ, мулозим ҳалокат ёқасида турган деҳқонларга ёрдам беришга ваъда берди.
Қайд этиш лозим, бу қозоғистонлик фермерларнинг топширилган хом ашё учун қарздорликдан шикоят қилишлари билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Худди шундай вазият 2018 йили экиш мавсуми олдидан юзага келганди. Ўшанда «Қозмакта» пахтани қайта ишлаш заводи деҳқон хўжаликларидан 323 миллион тенге (703 минг доллар) қарздор бўлган. Шундан сўнг қарз тўлиқ қопланиб, завод раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.