Қозоғистон нефтини «Дружба» қувури орқали Германияга жўнатишдаги муаммо Россия томони аввал айтганидек, Остонанинг «инерцияси» билан боғлиқ эмас, балки Москванинг қаршилиги билан боғлиқ. Бу ҳақда 3 февраль куни «КазМунайГаз» ва «Транснефт» ўртасидаги музокараларга яқин бўлган, исми ошкор этилмаган қозоғистонлик нефтчига таяниб, Inbusiness.kz хабар берди
Гап шундаки, Қозоғистон маҳаллий конда Европа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган нефтни ГФРга жўнатмоқчи бўлган.
«Дружба» қувури орқали жўнатилиши керак бўлган нефть Қозоғистонникидир. У Италиянинг ENI компаниясига тегишли Қорачаганак конидан қазиб олинган ва ҳозирги геосиёсий вазият шароитида бу омил Россия Энергетика вазирлигини қондирмаяпти», — дейди манба ва Россия Федерацияси «Европанинг ENI компанияси томонидан ишлаб чиқарилган қозоқ нефтининг Европа давлатларига етказиб берилишини тўсиқ қўймоқчи» эканига ойдинлик киритади.
«Бу иқтисоддан кўра кўпроқ сиёсатга тегишли», — дейди у.
Германия ҳукумати ҳозирда Россиянинг энергия манбаларидан воз кечиши муносабати билан янги етказиб берувчиларни фаол изламоқда. Ўтган йил декабрь ойи охирида Россия ҳукумати Қозоғистон нефтининг Германияга транзитини тасдиқлашга тайёрлигини билдирган эди. Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак Москва буни «нормал» деб ҳисоблаб, Қозоғистон нефтининг Болтиқбўйидаги Уст-Луга портидан Беларусь ва Полшани кесиб Германияга етиб борадиган «Дружба» қувурига кўчишига қарши эмаслигини айтган.
Россиянинг «Транснефть» компанияси 29 декабрь куни «Казтрансойл»дан («КазМунайГаз» гуруҳи таркибига киради) 2023 йил учун «Дружба» қувури орқали Германияга 1,2 млн тонна нефтнь транзит қилиш учун ариза олганини маълум қилди. Бу маълумотни Қозоғистон компанияси тасдиқлади. Аниқлик киритилишича, биринчи чоракда 300 минг тонна, биргина январда 20 минг тонна нефть жўнатиш режалаштирилган.
Бироқ, январь ойи охирида матбуот котиби, «Транснефть» президенти маслаҳатчиси Игорь Демин РИА Новостига маълум қилишича, Қозоғистондан Германияга «Дружба» орқали нефть транзити январь ўрнига февралда бошланиши режалаштирилган, чунки Россия компанияси шериклари учун «вақт керак» бўлиб қолган.
Кейинроқ Қозоғистон Энергетика вазири Болат Акчулаков қозоқ нефтининг 20 минг тонналик биринчи партияси февраль ойининг биринчи ярмида «Дружба» орқали Германияга жўнатилишини маълум қилди. «Биз январь ойи охиригача жўнатмоқчи эдик [...], лекин, афсуски, кичик техник носозликлар юзага келди. Аммо биз бу муаммоларнинг барчасини ҳал қилдик», — дея қўшимча қилди у.
«Дружба» нефть қувури йўналиши Алметьевскдан Брянскка, кейин Белоруссия Мозирига ўтади, шундан сўнг у икки қисмга бўлинади: шимолий (Беларусь, Польша, Германия, Латвия ва Литва орқали) ва жанубий (Украина, Чехия, Словакия, Венгрия ва Хорватия). Сўнгги пайтларда Украинанинг ўққа тутилиши ва электр таъминотидаги узилишлар туфайли «Дружба» орқали нефть транзити вақти-вақти билан тўхтаб қолмоқда.