РФ Бош вазири ўринбосари Москванинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтириш режаларини маълум қилди

www.gov.kz сайти фотосурати

Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон ички бозорлари учун газ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Александр Новак ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

«Биз Қозоғистон ва Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан уларнинг ички бозорига газ етказиб бериш ҳажмини оширишни муҳокама қилмоқдамиз, чунки уларнинг истеъмоли ортиб бормоқда», — деди у.

Узоқ муддатда Россия газни Афғонистон ва Покистон бозорларига Марказий Осиё республикалари орқали экспорт қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Бош вазир ўринбосари. «Агар чуқурроқ истиқбол ҳақида гапирадиган бўлсак, Афғонистонга, Покистонга газ экспортини: ё Марказий Осиёнинг инфратузилма лойиҳаларидан фойдаланган ҳолда, ёки Эрон ҳудудидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мумкин. Яъни, биз уларнинг газини мамлакат жанубида оламиз ва эвазига шимолга эронлик истеъмолчиларга газ етказиб берамиз», — деди у.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати «уч томонлама газ иттифоқи» (Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон) ғоясини илгари суришда давом этмоқда. Яна бир расмий, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ҳам ТАСС агентлигига берган интервьюсида Остона ва Тошкент Москва билан газ иттифоқини яратиш бўйича қўшма ҳаракатларга тайёр, чунки бу ғоя «уларни қизиқтиради» деб таъкидлади.

«Мавжуд энергияга бўлган эҳтиёж, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш вазифалари билан боғлиқ ҳолда бу борадаги ўзаро ҳамкорликни тақазо этади, – деди у. Россия ҳамкорлари бу йўналишда биргаликда ҳаракат қилишга тайёр».

Шу билан бирга, вазир ўринбосари ушбу ғояни амалга ошириш учун «ҳеч қандай жиддий тўсиқлар йўқлиги», бироқ, биринчи навбатда, уч мамлакат экспертлари даражасида кўплаб тизимли ишлар талаб қилинишини таъкидлади.

Москванинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан уч томонлама газ иттифоқи тузиш режалари 28 ноябрь куни маълум бўлди. Бироқ, ўшандан бери ҳар икки республика раҳбарияти ҳали иттифоқ бўйича келишувлар йўқлигини қайта-қайта таъкидлади. Остонанинг айтишича, Москванинг иттифоқ тузиш ташаббуси «ҳозирча фақат ғоя», уни диққат билан ўрганиш керак. Тошкентда, ўз навбатида, энергия таъминоти масаласини тижорат шартномалари орқали ҳал қилишни маъқул кўришларини таъкидладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ