Тўқаев Олмаотада январь воқеалари қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликни очди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь воқеалари қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликнинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда 23 декабрь куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Тўқаев ёдгорликка гул қўйди. Йиғилганлар марҳумлар хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёдга олдилар, сўнг давлат мадҳияси янгради.

Фожиали воқеалар ўчоғи бўлган майдонда «Тағзим» («Таъзим») ёдгорлиги ўрнатилди. Бу кўп босқичли меъморий мажмуа бўлиб, турли рангдаги тўртта зонага бўлинган. «Оч кулранг қисми енгиб ўтиш, қора қисми январь воқеаларининг тартибсизлиги ва қўрқувини, кулранг қисми қурбонлар ва тўкилган қонларни, инсоний йўқотишларни, оқ қисми барқарорлик ва фаровонлик истаги, жамият камолоти, миллатнинг ўзлигини англаши, кучли ва адолатли давлатга ишонч рамзини англатади. Ҳар бир зонада қозоқ халқининг кўзга кўринган вакилларининг сўзлари ёзилган тош ва стелалар ўрнатилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Лойиҳа муаллифлари қозоғистонлик ёш архитекторлар Алексей Ивженко ва Гайни Сагидуллаев.

Ёдгорликнинг очилиш маросимида сўзга чиққан президент фожиали январь воқеалари мустақиллик йилларидан кейинги энг жиддий муаммолардан бирига айланганини яна бир бор таъкидлади

«Бу халқимиз учун синов даври бўлди. Давлатчилик асослари хавф остида эди. Қолаверса, давлатимизни сақлаб қоламизми, деган савол туғилди. Аммо халқимизнинг жипслиги ва ҳамжиҳатлиги туфайли биз барча синовларга қатъий қаршилик кўрсатиб, букилмас азму шижоат ва куч-қувват намойиш эта олдик. Жамиятга нифоқ солишга уринган фитначиларнинг ҳаракатларига чек қўйдик. Мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида ўтказилган тинч митинглар тартибсизликлар ва бузғунчиликларга айланди. Айниқса, истиқлол бешиги бўлмиш Олмаота бузғунчилар қўлидан қаттиқ азият чекди. Бандитлар куч тузилмаларига ҳужум қилишди, омборларни қурол билан талон-тарож қилишди. Уларнинг қилмишлари натижасида бегуноҳ фуқаролар ҳалок бўлди», — деди давлат раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, вайрон бўлган биноларни қайта тиклаш мумкин, аммо, афсуски, ўлдирилган одамларни қайтариб бўлмайди.

«Шунинг учун биз бундай фожиа бошқа такрорланмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Юрт тинчлиги ва осойишталигини, халқ ҳамжиҳатлигини ҳимоя қилиш умумий фуқаролик бурчимиздир», – деди президент.

Шу билан бирга, республика раҳбари бандитлар, радикаллар ва террорчиларни улуғлаш асло мумкин эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, корхона ишчилари, ишчи ва фермерлар, шифокор ва ҳамширалар, ўқитувчи ва мураббийлар, фан ва маданият арбоблари, тадбиркор ва спортчилар ҳақиқий қаҳрамонлардир.

«Биз барқарорлик фаровонлик ва тараққиёт гарови эканлигини англадик. Юрт тинчлиги ҳимоя қилинмаса, бир зумда ҳамма нарсадан айрилиш мумкинлигини кўрдик. Доимо мустақиллигимиз, давлатчилигимиз ҳимоясида бўлишимиз зарурлигини англадик. Биз ҳамма нарсадан энг муҳими — аҳиллик ва бирдамлик каби қадриятлар эканини англадик. Шу боис фожиали январни ва унинг бегуноҳ қурбонларини ҳамиша ёдга оламиз. Фақат бирлашиш орқали биз ҳар қандай қийинчилик ва таҳдидларни енгамиз. Президент сифатида мен давлат яхлитлиги ва халқ фаровонлигини сақлаш учун бор куч-ғайратимни ишга соламан», — деди Тўқаев.

Январь ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланди ва у тартибсизликларга айланиб кетди. Шундан сўнг Президент давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ