Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари иттифоқчилик ва давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномаларни имзоладилар

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномани имзоладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатлар имзоланиши 22 декабрь куни Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

«Бугун иккита тарихий ҳужжатни имзолаймиз. Қардош халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари тарихида янги босқич бошлайдиган Иттифоқчилик тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этмоқчиман.

Иттифоқчилик – давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси, ўзаро ишонч белгиси. Шу билан умумий келажагимизни биргаликда қуришга интилишимизни тасдиқлаяпмиз.

Давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома алоқаларимиз мустаҳкамлигидан далолат беради, минтақада тинчлик ва хавфсизлик мақсадларига хизмат қилади. Чегараларимиз доимо дўстлик ва яхши қўшничилик ҳудуди бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Муштарак тарихга, халқларимизнинг қардошлик ришталарига таяниб, Қозоғистон ва Ўзбекистон мустаҳкам, уйғун муносабатларни йўлга қўйдилар, — деди Қасим-Жомарт Тўқаев.

ℹ️ Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасининг узунлиги 2350 км дан сал кўпроқни ташкил қилади. Демаркация расман 2004 йил май ойида бошланган. Сўнгра «Ғишткўприк» ва «Жибек-жўли» божхона пунктлари ўртасида иккита рамзий чегара пости тантанали равишда ўрнатилди: бирида Ўзбекистон, иккинчисида Қозоғистон герби тасвирланган. Демаркация жараёни тахминан уч йил давом этиши кутилган эди.

Шу билан бирга, Тўқаевнинг давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида яна 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида:

👉 «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш тўғрисида

👉 Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;

👉 Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;

👉 2000 йил 7 июлдаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;

👉 энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги битимлар;

👉 стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харита»лари, энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистикада лойиҳалар амалга ошириш бўйича битимлар. бор

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари иштирокидаги музокараларнинг асосий мавзулари сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ, сув хўжалиги ва бошқа соҳалардаги муносабатларни тубдан кенгайтириш масалалари бўлди.

Жумладан, икки томонлама ҳамкорликнинг ўзагини иқтисодиёт ташкил этиши таъкидланди. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёд ошди, жорий йил охирига келиб эса бу кўрсаткич 5 миллиард долларга яқинлашади.Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда бир неча баробар ошириш мақсадида томонлар Бош вазир ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳи ва қўшма ташқи савдо компанияси тузишга келишиб олдилар.

Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.

Тўқаев ва Мирзиёев энергетика объектларини модернизация қилиш ва қуриш, геология-қидирув ва табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини илгари суришга келишиб олдилар.

Президентлар парламентлараро алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Шавкат Мирзиёев умумий маданий-тарихий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича қўшма тадқиқотлар ташкил этиш, шу мақсадда телевидение, радио ва веб-сайтни ўз ичига олган қўшма ахборот ресурсини ишга тушириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчи ва шоирларининг китобларини нашр этишни таклиф қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ