Тўқаев француз ишбилармонларини Қозоғистонга сармоя киритишга чорлади

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев француз тадбиркорларига республикада савдо ваколатхонасини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у йирик француз ишбилармонлари билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади Оқорда сайти.

Тадбирда Total Energies, Orano, Saint-Gobain, Boehringer Ingelheim France, Soufflet Group, BPI France, Vicat, Syctom, Pellenc компаниялари ва FICT, Airbus чорвачилик уюшмаси раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди.

«Биз уни (ваколатхона – таҳр.) имкон қадар тезроқ ташкил этишдан мамнун бўлардик. Шунингдек, француз компанияларини мамлакатимиздаги сармоявий имкониятларни ўрганишга ундамоқчиман. Мен барча йиғилганларни ишонтириб айтмоқчиманки, Қозоғистон хавфсиз ва барқарор сармоявий муҳитни кафолатлайди», — деди Тўқаев.

Учрашувда у, шунингдек, Қозоғистон «умумиқтисодий ва сиёсий манфаатларимизни янада илгари суриш учун» Франция ва умуман Европа билан муносабатларни яхшилашни исташини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга сармоя киритишни рағбатлантиради ва тадбиркорларни ушбу соҳадаги сармоявий имкониятларни ўрганишга таклиф қилади.

«Иккинчидан, бу иқтисодиётнинг реал сектори бўлиб, ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжуд. Биз табиий ресурслар заҳиралари бўйича дунёда 6-ўринда, фойдали қазилмаларнинг умумий қазиб олиш ҳажми бўйича (нефть ва газдан ташқари) 10-ўриндамиз. 2040 йилга келиб муҳим материаллар ва нодир ерларга глобал талаб тўрт баравар ошиши кутилмоқда. Ҳукумат зарур ёрдам кўрсатишга тайёр. Ўз навбатида, биз компаниялардан ўзларининг илғор тажрибалари, ноу-хаулари ва янги технологияларини олиб келишларини кутамиз», — деди Тўқаев.

Жорий йилнинг олти ойида Қозоғистонга хорижий ҳамкорлар 15 миллиард долларга яқин сармоя киритишди, бу 2021 йилга нисбатан 30 фоизга кўпдир. 2022 йилнинг тўққиз ойида Қозоғистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошган.

Тўқаев расмий ташриф билан Францияда бўлиб турибди. Бир кун аввал у президент Эммануэль Макрон билан учрашиб, Франциянинг Марказий Осиё билан савдо айланмасининг 90 фоизи Қозоғистонга тўғри келишини таъкидлади. Ўтган 9 ойда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларга етган.