Терговчи журналист Болот Темиров Қирғизистондан Россияга чиқариб юборилди. 23 ноябрь куни кечқурун уни куч билан самолётга ўтқазиб, Москвага жўнатишган. Домодедово аэропортида Темиров ФХХ (ФСБ) ходимлари томонидан сўроқ қилинган. Бу ҳақда журналистнинг рафиқаси Маҳабат Тожибек қизи 24.kg нашрига хабар берган.
«Кеча Болот Темировни Домодедово аэропортига олиб келишди. Уни қандай қилиб мамлакатдан чиқариб юборишганини ҳамма билади. Энди унинг Россия паспорти йўқ. Аэропортда Болотни онаси кутиб олди. У онаси билан бирга. Болотнинг сўзларига кўра, у ФХХ чегара хизмати томонидан сўроқ қилинган, у барча саволларга — грантлар олишию, журналистик текширувлар билан шуғулланишини ҳақида рўй-рост жавоб берган. Ҳаммаси жойида», — дейди Тожибек қизи.
Журналистнинг адвокатларидан бири Замир Жўшевнинг айтишича, мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарор умрбод амал қилади.
«Темиров иши бўйича суд ҳукмида четлатиш муддати кўрсатилмаган, демак, четлатиш муддатсиз. Болот Темировга Россия паспорти билан ҳам мамлакатга киришни тақиқловчи махфий суд қарори борлигидан қўрқамиз. Ҳамкасблар бундай суд амалиётига дуч келишган», — дея Жўшев сўзларидан иқтибос келтиради Kaktus.media.
Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеши депутати Дастан Бекешев Темировнинг мажбуран чиқариб юборилганидан норози бўлган.
«Кеча бир қирғиз Қирғизистондан чиқариб юборилди. Буниси энди ошиб тушди. Суд қарори чиқмасданоқ, Темиров дарҳол аэропортга жўнатилган. Бундай қилиш мумкин эмас! Суд ходимлари ёрдамида мамлакатдан ҳайдаб чиқаришяпти», — дейди Бекешев.
Темировнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига АҚШ Давлат департаменти ҳам муносабат билдирди.
«Журналист Болот Темировни Қирғизистон Республикасидан депортация қилиш қароридан хавотирдаман. Журналистлар ўз ишини қилгани учун жазоланмаслиги лозим. Қирғизистон Республикаси ўзининг фаол фуқаролик жамияти билан машҳур ва сўз эркинлигини бўғиш ҳаракатлари бу обрўга доғ туширади», — деб ёзади Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.
Болот Темиров шу йилнинг январь ойида ҳибсга олинган эди. 22 январь куни кечқурун полиция ходимлари ва махсус кучлар журналистнинг офисига бостириб киришган. Улар томонидан тинтув ўтказилиб, Темиров чўнтагидан 7,79 грамм гашиш моддаси топилган. Болот ва унинг ҳамкасблари гиёҳванд моддалар унинг чўнтагига яширин солиб қўйилгани ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг қариндошлари қандай қилиб «нефть магнатига» айланганига доир текширувлар олиб борилгани учун ундан ўч олиш мақсадида январь ойида жиноий иш қўзғатилганини айтишган.
Май ойида Темиров Ички ишлар бўлими қарори билан терговчи унинг паспортини бекор қилганини хабар қилган эди. Журналистнинг адвокатлари терговчининг қарори устидан шикоят қилган, бироқ прокуратура буни қонуний деб топган.
Сентябрь ойида Свердловск туман суди Темировни наркотик моддалар сақлаш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари бўйича оқлаган. Журналист икки эпизод бўйича —ID-карта олиш учун ҳарбий гувоҳномани ва паспорт олиш учун вақтинчалик гувоҳномани қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Аммо даъво муддати ўтганлиги сабабли суд унга нисбатан жазо чораларини қўлламаган ва Темиров суд залида қўйиб юборилган.
Бишкек шаҳар суди 23 ноябрь куни апелляцияни кўриб чиқиб, биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган, бироқ Темировни Қирғизистондан чиқариб юборишга қарор қилган. Суд қарори эълон қилингач, журналистни мажбуран бинодан олиб чиқиб, номаълум томонга олиб кетишган.
Уч соатдан кўпроқ вақт давомида Темировнинг қаерда эканини на қариндошлари, на адвокатлари билган, вақтинчалик ҳибсхона ва махсус ҳибсхонада ўтказилган тинтувлар ҳеч қандай натижа бермаган. Адвокат Баатир Ботобековнинг айтишича, у ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғойиб бўлишини «зўрлаб йўқотилганлик» деб билади.
Ботобеков «Манас» халқаро аэропортига етиб келган, у ерда полиция бўлимида журналист йўқлигини айтишган. Бироқ, соат 20:00 га яқин фуқаро кийимидаги бир неча киши бўлимга кириб, Темировни у ердан олиб чиқишган ва шоша-пиша жўнаб кетиш залига олиб боришган.