Қозоғистон фуқаролигини олиш учун давлат тили бўйича мажбурий имтиҳон жорий этилади. Тегишли қонун лойиҳаси республика ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган, деб хабар беради Vlast.kz Бош вазир Алихон Смоиловга таяниб.
«Бу нормалар ҳозир ҳукумат тасдиғи босқичида. Умуман олганда, биз ушбу нормаларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни қонунчиликка киритиш керак, деб ҳисоблаймиз», — деди у Сенат йиғилишида журналистларга.
Бош вазир таъкидлашича, кўплаб мамлакатларда фуқароликни олиш учун давлат тили ва мамлакат тарихини билиш, шунингдек, тегишли имтиҳондан ўтиш керак. Бундай давлатлар қаторида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Германия, Туркия, Канада, Россияни тилга олди ва тилни билиш одамларга «жамиятга тез мослашиш» имконини беришини қўшимча қилди.
«Шунинг учун биз бундай имтиҳондан ўтиш керак, деб ҳисоблаймиз. Эндиликда (Қозоғистон – таҳр.изоҳи) фуқаролигини олишни хоҳловчилар ушбу талабларга жавоб бериши керак», — деди Смоилов.
Унинг қўшимча қилишича, айрим тоифадаги фуқаролар учун бу талаблар қўлланилмайди. Хусусан, этник қозоқлар, вояга этмаганлар, шунингдек, халқаро шартномаларга мувофиқ соддалаштирилган шаклда ҳужжатларни оладиганлар (яъни Қозоғистонда яшовчи яқин қариндошлари бўлса, турмуш ўртоғи қозоқ ёки қозоғистонлик ёки Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ходим бўлса) бундан мустасно бўлади.
Бош вазир таъкидлаганидек, ушбу қонун лойиҳаси «тез орада парламентга юборилади». Самойилов бундан аввал ҳужжат тайёрланаётгани ҳақида гапирганди. Шу тариқа, куни-кеча ОАВ унинг парламент депутатлари сўровига жавобан давлат тили, тарих асослари ва миллий қонунчиликни билмаслик Қозоғистон фуқароли берилмаслигига асос бўлишига доир сўзларини келтирди.