Икки ўзбек фильми «Қўрқут ота» турк кинофестивалида ғолиб чиқди

Ўзбекистонлик лауреатлар. Ташкилотчи фотосурати

Туркияда «Қўрқут ота» кинофестивали тантанали равишда якунланди. Ўзбек фильмлари бирданига иккита асосий номинация бўйича ғолиб бўлди.

«Энг яхши бадиий фильм» номинациясида режиссор Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган «Аёл қисмати» фильми Гран-при, Фурқат Усмоновнинг «Инсон» фильми эса «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси бош мукофотига сазовор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик актрисалар Юлдуз Раджабова ва Раъно Шодиева «Турк халқларининг бирлиги ва ҳамжамиятига қўшган ҳиссаси учун» ТУРКСОЙ халқаро мукофоти билан тақдирланди.

«Бундай нуфузли кинофестивалда иккита Гран-прининг қўлга киритилиши, шубҳасиз, Президентимиз томонидан кинематография соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътиборнинг ёрқин самарасидир. Албатта, 57 та фильм орасида иккита асосий номинацияда ғолибликни қўлга киритиш осон эмас. Унда 17 давлатдан муносиб рақобатчилар, жумладан, дунёнинг энг яхшиларидан бири ҳисобланган турк киноси борлигини унутмаслик керак. Бу ғалаба айнан Янги Ўзбекистонда ижодий шаклланган киноижодкорларимиз ва ёш режиссёрларимиз Фурқат Усмонов ва Дилмурод Масаидовларнинг улкан меҳнати самарасидир», – дейди Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Ўзбекистонлик лауреатлар. Ташкилотчи фотосурати

Кинофестивал доирасида Тошкент ВГИК талабалари Акмал Обиджонов ва Саидалохон Масудхонов Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг «Энг ижодий қисқа метражли фильмни суратга олгани учун» эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

«Ўзбекистон кинофестивалда намойиш этилган кучли фильмлари билан бизни хурсанд қилди ва лол қолдирди. Улар нафақат ташкилотчиларда, балки халқаро ҳакамлар ҳайъатида ҳам жуда кучли ва ёқимли таассурот қолдирди. Ўзбек кино ижодкорларини ана шундай нуфузли мукофотлар билан чин қалбимдан табриклайман», — деди Меҳмет Нури Эрсой.

1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида туркийлар дунёнинг иккинчи «Қўрқут ота» кинофестивали бўлиб ўтди. Унинг доирасида «Ўзбекистон киноси кунлари» бўлиб ўтди. Ўзбек кино юлдузлари, актёр ва режиссёрлари билан ижодий учрашувлар ташкил этилди, юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, Акром Шахназаровнинг «101 рейс» ва Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» фильмлари намойиш этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ