Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок (Annalena Baerbock) ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан Афғонистондан минглаб одамларни Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Бербок 1 ноябрь куни Тошкентда ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.
«Ҳозирги кунда федерал ҳукумат ҳар ойда минглаб кишини Ўзбекистон орқали Германияга олиб чиқиб кетиш бўйича қарор қилган. Булар биринчи навбатда энг кўп тазйиққа учраган Афғонистон фуқаролари бўлади. Уларни қандай қилиб Ўзбекистон орқали олиб чиқиб кетишни биз сиз билан [Владимир Норов назарда тутилмоқда] муҳокама қилдик», — деди Бербок.
▶️ Гап Афғонистонда қолган Германия фуқаролари, немис ташкилотларининг маҳаллий ходимлари, федерал ҳукумат томонидан алоҳида хавф остида деб топилган афғонлар, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва болалари олиб чиқилиши ҳақида кетмоқда. Германия ҳукумати Афғонистоннинг қўшни давлатлари билан қутқарилган одамларнинг Германиянинг маҳаллий ваколатхонасига хавфсиз кириши ва виза олиши учун келишувга эришишга ҳаракат қилмоқда. Умуман олганда, ўтган йил август ойидан, яъни «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери Германия расмийлари ёрдамида 18 мингдан ортиқ одам бу мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлган.
Норовнинг Бербок билан учрашуви ва унинг якунлари бўйича ўтказилган брифинг ҳақидаги Ўзбекистон ТИВ хабарларида Афғонистон мавзуси шунчаки ёдга олинганини таъкидлаймиз. «Музокаралар чоғида минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик, Афғонистонда барқарор тинчлик ва тараққиётни таъминлаш, Украинадаги вазият ва бошқалар бўйича бўйича фикр алмашилди. Ушбу масалаларнинг аксарияти бўйича томонларнинг позициялари ва ёндашувлари ўхшашлиги қайд этилди», — дейилади хабарлардан бирида.
Шунингдек, Kun.uz хабарига кўра, Норовнинг «халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг хориждаги музлатиб қўйилган активларини қайтариш ва у ердаги инфратузилмани тиклашга ёрдам бериши керак» деган сўзларига жавобан Бербок Германия Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати ҳаракатларига қарши эканини айтган.
«Биз Афғонистондаги фуқароларни тақдир тақозосига ташлаб кетишга ҳаққимиз йўқ, бундай қилмаймиз ҳам. Охирги ойларда у ерда бўлаётган инқироз ва ҳолатларни кўряпмиз. Олдимизда қиш турибди, у ўзига яраша қийинчиликларни олиб келади. Биз федерал ҳукумат сифатида Афғонистондаги инсонларга ёрдам беришни давом эттирамиз. Ўзбекистоннинг Афғонистон борасида амалга ошираётган ишларини юқори баҳолаймиз ва тасанно айтамиз.
Лекин қандай бўлганда ҳам биз бу масалага Ўзбекистон билан ҳар хил қарашга эгалигимизни тушуниб етдим. Чунки биз учун «Толибон» Афғонистонда одамларнинг эркинликларини ўғирлади. Фурсатдан фойдаланиб айтиб ўтмоқчиманки, биз ҳозирги Афғонистон ҳукуматининг қилаётган ишларига қаршимиз», — деди Германия ТИВ раҳбари.
Шу куни Анналена Бербок Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари даражасида сермаҳсул алмашинувларни давом эттириш, биргаликдаги ишбилармонлик ташаббуслари ва бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмларини самарали ишга солиш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
«Иқтисодий ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари бир танганинг икки томонидир. Зеро, компаниялар учун энг яхши инвестиция ҳимояси бу қатъий қоидалардир, барқарор фаровонлик ва хавфсизлик — одамлар ҳуқуқлари ҳимоялангандагина муваффақиятли бўлиши мумкин», — деди Бербок Ўзбекистонга ташрифи арафасида.
▶️ Германия Ўзбекистоннинг Европадаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошган. Жорий йил бошидан буён ўсиш 43 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон маҳсулотларининг Германияга экспорти қарийб 55 фоизга ошган. Айни пайтда Ўзбекистонда Германиянинг 200 дан ортиқ етакчи компаниялари фаолият юритмоқда.
2021 йили Германиядан Ўзбекистонга 1 миллиард долларлик инвестиция жалб этилди. Жорий йилда бу ҳажм 1,45 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).