Россия ҳарбий комиссарлиги Ўзбекистон фуқароларини сафарбар қилишга уринган. Одамлар Мирзиёевга мурожаат қилишди

РОССИЯ КОМИССАРЛИГИ ЧАҚИРУВ ҚОҒОЗИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ПАСПОРТИ. ВИДЕОЁЗУВДАН КАДР

Россиянинг Орёл вилоятида йигирма нафар Ўзбекистон фуқаросига сафарбарлик доирасида ҳарбий комиссияга келиш талаби билан чақирув қоғозлари топширилган. Бу ҳақда «Орелtimes» хабар беради.

«ЭкоСити» чиқиндиларни қайта ишлаш заводи директори Юрий Парахиннинг айтишича, корхонанинг 50 нафар ходими чақирув қоғози олган, уларнинг ярми ўзбекистонликлардир.

«Сентябрь ойида бир қатор юқори малакали мутахассисларга брон қилиш учун ҳужжатлар топширилганига қарамай, кеча корхонамизнинг аксарият эркаклари чақирув қоғози олди. Дўстона давлатлар фуқароларига ҳам чақирув қоғозлари юборилган. Бу одамлар МҲОда қатнашгани учун ўз мамлакатларида қамоқ жазосини олишлари мумкин», — дейди Парахин. У ҳуқуқ-тартибот идораларини вазиятга аралашишга чақирди.

Парахиннинг сўзларига кўра, Орёл вилоятида сафарбарликни ўтказиш учун масъул бўлган вилоят губернатори Андрей Кличков «ЭкоСити»ОАЖни унчалик ёқтирмайди ва агар бу [чақирув қоғозларини юбориш] онгли равишда амалга оширилган бўлса, бу ўта кетган пасткашликдир».

Чақирув қоғозларини олган Ўзбекистон фуқаролари президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраган видеомурожаатни ёзишган. Вилоят ҳарбий комиссарлиги мазкур ҳолат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Ўзбекистон томонининг муносабати ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, «ЭcоСити»нинг хорижлик ходимлари сафарбар қилинмаган. Орёл вилояти вице-губернатори Владимир Ивановскийнинг сўзларига кўра, минтақадаги сафарбарлик тадбирлари шу ҳафта охиригача якунланиши керак.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россия Ички ишлар вазирлигининг Россияда вақтинча бўлган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қисман сафарбар этилиши ҳақида сохта буйруғи тарқатилган эди. Агар улар шартнома имзолашдан бош тортишса, уларнинг ишлашга рухсатномалари бекор қилиниши ва депортация бўлиши айтилган. Бироқ, Россия Федерациясининг қайд этилган мамлакатлардаги элчихоналари бундай буйруқ мавжудлигини рад этган.

Ёзда ўзбекистонликларни Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувда иштирок этишдан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА), Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва республика Бош прокуратураси огоҳлантирган эди. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жавобгарлигини назарда тутувчи 154-моддаси («Ёлланиш) эслатилган. Сентябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мусулмонлар учун ўз ватанини ҳимоя қиладиган ҳарбий ҳаракатлардан бошқа ҳар қандай жанговар ҳаракатларда қатнашиши мумкин эмаслиги ҳақида фатво чиқарган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ