АҚШ президенти Жо Байден Қозоғистон халқи ва президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни Республика куни билан табриклаган, шунингдек, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган, деб хабар беради Акорда сайти.
«Хавфсизлик, энергетика ва иқтисодий масалалар бўйича кенг кўламли икки томонлама ҳамкорлигимиз, шунингдек, Қозоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашимиз ўзаро муносабатларимиз келажагига сармоя киритиш истагини ва умумий мақсадларга эришиш салоҳиятини акс эттиради. Бу қараш бизнинг кенгайтирилган стратегик ҳамкорлигимиз руҳига тўлиқ мос келади», — деб ёзган Жо Байден Қозоғистоннинг ўттиз йил давомида Марказий Осиёга тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик олиб келишдаги етакчилигини таъкидлаб.
Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишель ҳам Тўқаевга табрик телеграммаси йўллаган. У ўз мурожаатида 1990 йил октябрь ойида қабул қилинган Суверенитет декларациясида давлатчилик, ҳудудий яхлитлик, бўлинмаслик ва чегаралар дахлсизлиги каби асосий тамойиллар мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлаган.
«1991 йили Қозоғистоннинг мустақиллигини эълон қилишига йўл очган декларация халқаро-ҳуқуқий тартибнинг ана шундай фундаментал қадриятлари ва тамойилларига асосланадики, бугунги кунда барча тинчликсевар давлатлар уни қўллаб-қувватлайди», — деган Европа кенгаши раҳбари.
Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари номига Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Хитой, Озарбайжон, Туркия ва Беларусь президентлари томонидан табрик телеграммалари йўлланган. Россия Федерацияси раҳбари Владимир Путин ўз табрикларида Қозоғистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайди.
«Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда ажойиб натижаларга эришди, халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутади. Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари муваффақиятли ривожланиб бормоқда», – дейди у.
Қозоғистонда Республика куни 25 октябрь куни нишонланди. Бу 13 йиллик танаффусдан кейин биринчи марта содир бўлди. Гап шундаки, байрам 2009 йилда бекор қилинган, жорий йилда президент Тўқаев ташаббуси билан унга миллийлик мақоми қайтарилди.