Жорж Буш мактаби Ўзбекистон давлат хизматчилари малакасини оширишга ёрдам беради

Буш мактаби биноси. wikipedia.org сайти фотосурати

Техас «A&M» (Texas A&M) университети ҳузуридаги Жорж Буш номидаги Ҳукумат ва давлат хизмати мактабининг катта декани Френк Эшли мактаб раҳбарияти номидан Ўзбекистон давлат хизмати вакиллари учун АҚШда қисқа муддатли, ўрта муддатли ва магистратура таълим дастурларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Эшли Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради Dunyo ахборот агентлиги.

Жорж Буш мактаби раҳбарияти Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва кафедралари билан ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича икки даражали таълим тизимини жорий этиш борасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан академик алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, ўзаро делегациялар алмашувини ташкил этиш орқали давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш жараёнига Америка томонини жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Френк Эшли Ўзбекистоннинг замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш бўйича жаҳондаги илғор тажрибани жорий этишга интилиши, шубҳасиз, мамлакатнинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишга сезиларли ва ижобий таъсир кўрсатишини айтди. Шу нуқтаи назардан, Америка томони фуқаролар билан алоқа ўрнатишнинг замонавий усулларини жорий этиш, давлат органлари томонидан аҳолини хабардор қилишнинг илғор технологияларидан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Буш мактаби 1997 йилда АҚШнинг 41-президенти Жорж Бушнинг «давлат хизмати — олийжаноб даъват» тамойилига мувофиқ ташкил этилган. Ушбу таълим муассасаси бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги энг яхши университетлардан бири ҳисобланади. Буш мактабида Барак Обама, Пан Ги Мун, Арнольд Шварценеггер, Кондолиза Райс, Тед Кеннеди, Гельмут Кол, Дик Чейни, Колин Пауэлл каби машҳур етакчи ва арбоблар маъруза қилишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ