Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони билан Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари — энергетика вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Энергетика вазири лавозими жорий йил апрель ойида ушбу лавозимни эгаллаб турган Алишер Султоновнинг соғлиғи сабаб бошқа ишга ўтганидан кейин бўшаб қолганди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов 1979 йили Наманган вилоятида туғилган. Алабама университетининг (АҚШ) кимё факультетини, Тошкент кимё-технология институти магистратурасини «Нефт ва газни қайта ишлаш ва унинг кимёвий технологияси» мутахассислиги бўйича тамомлаган.
У 2019 йилдан ҳозирга қадар Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директори лавозимида ишлаб келган. 2020 йилдан буён «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқармасини бошқариб келган.