Қозоғистон расмийлари Россия фуқароларининг мамлакатга киришини чекламайди, бироқ яшаш учун рухсатнома фақат тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейингина берилади. Бу ҳақда Сенат спикери Маулен Ашимбаев маълум қилди, деб хабар беради «Интерфакс».
«Агар россияликлар бизга келиб, кейин қайтмоқчи бўлса, ёки бу ерда бирор иш билан бир муддатга қолишни истаса, бу ерда ҳеч қандай савол туғилмаслиги керак, биз буни чеклай олмаймиз», — деди Ашимбаев, журналистларнинг Қозоғистонга россияликларнинг ёппасига кириб келишига доир саволига жавоб бераркан.
Шу билан бирга, у Қозоғистонда яшаш учун рухсат олиш учун россияликлар «кетиш варақаси»ни тақдим этиши кераклигини таъкидлади.
«Агар бирорта фуқаро Қозоғистон давлат органларига келиб, яшаш учун рухсатнома сўраса, у ҳолда керакли ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Ушбу ҳужжатлар орасида шахс чиқиб кетадиган давлатнинг розилиги тўғрисидаги банд мавжуд. Бу қонунларимизда аниқ белгилаб қўйилган. Агар давлат фуқарога кетишга рухсат бермаса, лекин у қандайдир тарзда чиқиб кетган бўлса, Қозоғистон унга яшаш учун рухсат бера олмайди. Розилик — бу кетиш варақаси, тегишли имзо ва муҳрлар бўлиши керак», — дея тушунтирди Ашимбаев.
Сенат спикери Қозоғистон Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин вазиятни кузатаётганини таъкидлади.
«Умуман олганда, энг муҳим масала Россия Федерациясида қисман сафарбарликнинг жорий этилиши. Бу бизнинг қўшнимиз, биз учун муҳим давлат. Албатта, қозоғистонликлар бу жараёнларни кузатиб бормоқда. Парламент Сенати спикери сифатида шуни айтмоқчиманки, ўзга давлат ичида содир бўлаётган жараёнларга баҳо беришим нотўғри», — дея хулоса қилди у.
Liter.kz хабарига кўра, Ашимбаев Қозоғистон ОАВларига ҳам республика аҳолиси буни тўғри «қабул қилиши» учун вазиятни кескинлаштирмасликни сўраб мурожаат қилган. «Энди ваҳима қилишга ҳожат йўқ. Давлат органлари вазиятдан хабардор, маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилди Сенат спикери.
Россия Қозоғистон билан қуруқликдаги энг узун чегарага эга, у 7,5 минг километрдан ошади. Россияликлар Қозоғистонга сайёҳлик ва меҳнат масалалари бўйича чекловсиз, ҳатто ички паспорт билан ҳам киришлари мумкин. Мамлакатда рўйхатдан ўтмасдан 30 кунгача қолиш мумкин. Рўйхатдан ўтгандан сўнг — 90 кундан ортиқ қолмаслик лозим (кейин 90 кунга кетиш керак ва шундан кейингина мамлакатга қайтиб кирилади).
Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин икки давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларида кўп километрлик тирбандликлар пайдо бўла бошлади.
Тегишли видеолар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан эълон қилинмоқда. «Мой город» («Менинг шаҳрим») нашри журналистлари Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Самара томонида жойлашган «Маштаково» постига ташриф буюришган. Уларнинг сўзларига кўра, у ерда 200-250 та машинадан иборат кўп километрлик навбат ҳосил бўлган. Одамлар чегарадан ҳам пиёда ўтишмоқда.
21сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда 300 минг заҳирадаги ҳарбийларни қамраб олиши кутилаётган қисман сафарбарликни эълон қилди. Керакли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган заҳирадаги фуқаролар, биринчи навбатда, 35 ёшгача бўлган аскарлар, бригадирлар ва посбонлар ҳамда 45 ёшгача бўлган кичик офицерлар сафарбар этилади. Улар МҲО (махсус ҳарбий операция) ҳудудига жўнатилишдан олдин қўшимча тайёргарликдан ўтадилар.