Қозоғистоннинг собиқ президенти томонидан ташкил этилган «Назарбоев жамғармаси» Лондонда жойлашган Журналистика тергов бюроси, шунингдек, Британиянинг OpenDemocracy ва The Telegraph нашрларига қарши даъво аризасини берди, деб ёзади The Guardian. Бунга фонднинг активлари ҳақидаги мақолалар сабаб бўлган.
Май ва август ойлари орасида жавобгарлар нашрлардаги маълумотлар нотўғри экани ва бу молиявий йўқотишларга олиб келгани ҳақида бир неча «дастлабки» хатларни олишган. 16 август куни «Назарбоев жамғармаси» ва Британияда рўйхатдан ўтган Jusan Technologies компанияси Лондон Олий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Жамғарма OCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) устидан худди шундай шикоят билан мурожаат қилиб, ундан 75 минг доллар товон пули ундирилишини талаб қилган.
Мақолада Jusan, «Назарбоев жамғармаси», Назарбоевнинг ўзи ва унинг оила аъзолари ўртасидаги молиявий алоқалар ҳақида баён қилинган.
Jusan Technologies ва жамғарма юристлари мақолаларда ёлғон ва туҳматли маълумотлар борлигини айтишган. «Биз баҳсли хабарлар ёлғон эканлигини судда исботлашни интиқлик билан кутамиз. Биз жаноб Назарбоевга тегишли эмасмиз ва у кимса томонидан бошқарилмаймиз, биз унга ҳеч қандай фойда келтирмаймиз. Бизнинг ягона вазифамиз Қозоғистондаги таълим тизимини қўллаб-қувватлашдир», — дейди компания вакили нашрга.
OpenDemocracy бош муҳаррири Питер Гейганнинг айтишича, суд жараёни мустақил журналистларни қўрқитишга уринишдир. «Биз кичик нотижорат медиа ташкилотимиз, бой ва қудратли ташкилотлар томонидан жамоат манфаатларига мос келадиган нарсаларни ёритганимиз учун бизларга таҳдид қилишмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Журналистика тадқиқоти бюроси ва OpenDemocracy судда ҳимоя қилиш харажатлари таҳририятларнинг молиявий аҳволига ва уларнинг келгуси фаолиятига катта таъсир кўрсатишидан қўрқади. Мақолада айтилишича, иккала нашр ҳам бу иш учун ўн минглаб фунт стерлинг сарфлаган.
The Telegraph изоҳ бериш сўровларига жавоб бермаган.
«Назарбоев жамғармаси»нинг OCCRP (АҚШда жойлашган Journalism Development Network томонидан бошқарилади) га қарши даъволари шу йилнинг август ойида оммага ошкор бўлди. Даъвога 2022 йил 19 январдаги мақола сабаб бўлган, унда Назарбоев Жамғарма орқали маҳаллий таълим лойиҳаларини молиялаштириш учун мўлжалланган миллиардлаб долларларни тўлиқ назорат қилиши айтилган. Даъвогарнинг фикрича, мақолада келтирилган маблағлардан мақсадли мақсадда фойдаланилмаганлиги ҳақидаги тахминлар унинг ишчанлик обрўсига путур етказади ва ёлғон ва туҳматдан иборат.