Эронда норозиликлар чоғида одамлар ўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди

Эронда ҳижобини ечиб ташлаган норозилик иштирокчилари. Twitter тармоғи фотосурати

Эрон шимоли-ғарбидаги Курдистон вилояти губернатори Эсмоил Зарей Куша (Esmail Zarei Kousha) Эроннинг турли минтақаларида бўлиб ўтаётган норозилик намойишлари иштирокчилари орасида одамлар ўлгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Бу ҳақда 2 сентябрь куни «Ал Жазира» телеканали хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Республикасидаги норозилик намойишлари 17 сентябрь оқшомида курдистонлик 22 ёшли Маҳса Амини деган қизнинг дафн маросимидан кейин бошланган эди. Амини ноўрин ҳижоб кийгани учун Теҳронда аҳлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Гувоҳларнинг иддао қилишича, хавфсизлик кучлари қизни қаттиқ калтаклаган. Расмий маълумотларга кўра, қиз инсульт туфайли вафот этган. Қизнинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши оммавий намойишларга сабаб бўлди. Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги энг шиддатли тўқнашув Курдистон ва пойтахт Теҳронда бўлиб ўтди.

Курдистон губернатори 21 сентябрь куни журналистларга сўнгги кунлардаги «ноқонуний намойишлар» чоғида «шубҳали» уч киши ҳалок бўлганини айтди. «Текширувлар шуни кўрсатдики, бу одамлар ҳукуматга қарши ҳаракат қилганлар томонидан ва вилоятдаги хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фойдаланилмайдиган ўқотар қуроллар билан отилган», — дейди Куша.

Губернатор сўзларига кўра, бир киши Дивандара шаҳрида вафот этган, яна бир одам Саккездаги шифохона ташқарисида машина ичида ўлган ҳолда топилган, учинчи «шубҳали» ўлим тергов қилинмоқда.

Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳафта бошида Аминининг отасига қўнғироқ қилиб, мазкур ҳолат бўйича тергов ўтказишни ваъда қилган. 20 сентябрь куни БМТ қизнинг ўлими юзасидан мустақил тергов ўтказишни талаб қилган.

Айни пайтда Эронда норозилик намойишлари давом этмоқда. Кеча кечқурун Теҳронда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.