«Ўзбекфильм»нинг очиқ павильонида «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Кино агентлиги тадбирни ёшлар услубида ўтказишга қарор қилди. Маросимда кўплаб ёшлар – талабалар, блогерлар иштирок этишди. DJ ижрода бўлди.
Қизил гиламдан юзлаб машҳур актёрлар ва блогерлар ўтишди. Маросим иштирокчилари орасида япониялик актёр ва режиссёр Такеши Китано, россиялик ўзбек актёри ва режиссёри Фарҳод Маҳмудов, россиялик актёр Гоша Куценко, шунингдек, ўзбек киноси вакиллари бор эди.
Маросим доирасида кинофестиваль кунларида бўлиб ўтган «Кино беш кун ичида» танлови ғолибларига совғалар топширилди. Танловда ўзбекистонлик суратга олиш гуруҳи ғолиб чиқди. Иккинчи ўринни қирғизистонликлар, учинчи ўринни канадаликлар эгаллади.
Ўзбекистон Кине матография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов кинофестивалнинг ёпилишини расман эълон қилди.
«Мен барчани кинофестивалнинг ёпилиши билан табриклайман. Меҳмонларга, иштирокчиларга, ташкилотчиларга ва ушбу тадбирда иштирок этган барчага меҳнатингиз ва саъй-ҳаракатларингиз учун катта раҳмат айтаман. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентига машҳур кинофестивални қайта жонлантиргани ва биз иккинчи йилдирки, уни халқаро ва маҳаллий кино саноати вакиллари иштирокида ташкил этиш шарафига муяссар бўлганимиз учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилишини расман эълон қиламан», — деди Абдухолиқов.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтди.
Унда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этди. Кинофестиваль доирасида республиканинг турли шаҳарларида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, жаҳон киноси юлдузлари, жумладан, француз режиссёри ва продюсери Люк Бессон, америкалик актёр Арманд Ассанте, россиялик актёр Сергей Безруков ва бошқа кўплаб актёрлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ўтказилди. Кинофестивалга Ўзбекистонда машҳур бўлган туркиялик актёр Бурак Ўзчивит ҳам ташриф буюрди.