Таниқли япон режиссёри Такеши Китано «Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивалида Япония киноси кунлари доирасида ўзининг «Сонатина» фильми намойиш этилганидан сўнг талабалар ва мухлислар билан ижодий учрашув ўтказди.
Киночилар уйининг кичик залида фильм намойиш этилди. Намойиш якунида Китанонинг ўзи бу ерга етиб келди.
«Мени тез-тез турли кинофестивалларга таклиф қилишади, лекин кўп йиллардан буён уларга бормайман, лекин Ўзбекистонга келдим. Умид қиламанки, Тошкент фестивали кенгайиб, бутун дунёга машҳур бўлади», — деди Китано.
Буюк режиссёр, шунингдек, ўзбек кинематографияси давлат ва президент томонидан қўллаб-қувватланаётгани жуда муҳим экани, шу билан бирга кинематография ўзига хос соҳа экани, шунинг учун уни ривожлантиришга соҳа мутахассислари жалб этилиши кераклигини таъкидлади.
Томошабинлар билан ижодий учрашув чоғида Китано томошабинларнинг саволларига жавоб берди, хусусан, у ўз фильмларида нима учун денгиз тасвири кўплигини айтиб берди.
«Болалигимдан денгизни яхши кўраман, режиссёр, актёр бўлганимда, денгиз фильм учун жуда яхши фон эканини англадим. Ўшанда мен ҳаммамиз денгиздан чиққанмиз, дегандим. Денгиз, табиат — бу инсоннинг тенглаши лозим бўлган мукаммалликдир», — деб тушунтирди Китано.
Такеши Китано — япониялик машҳур режиссёр ва актёр, шунингдек у ёзувчи, шоир ва рассом ҳисобланади. Япон киносининг энг йирик вакилларидан бири. У кўплаб кино мукофотларини, шу жумладан, «Фийерверк» ва «Қайроқчи» фильмлари учун Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» ва «Кумуш шер» мукофотларини қўлга киритган.
«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади. Тадбирлар ва фильмлар намойишининг жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.