Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити якуни бўйича 20 га яқин ҳужжат имзоланади

АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОСУРАТИ / «ФАРҒОНА»

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиши якунлари бўйича 20 га яқин ҳужжат қабул қилинади. Бу ҳақда 15 сентябрь куни Россиянинг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси, Россия Федерациясининг ШҲТ котибиятидаги доимий вакили Наталя Стёпкина маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

«Катта тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Салоҳиятли ҳужжатлар тўплами бор — улар йигирмага яқин», — деди Стёпкина. Унинг сўзларига кўра, «биринчи навбатда, бу Самарқанд декларацияси деб аталадиган давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлиб, унда иштирокчи давлатларнинг ШҲТ ичидаги кун тартиби, ҳамда глобал ва минтақавий муаммолар бўйича мужассамлашган ёндашувлари жамланади».

«Ҳужжатлардан ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қоидаларини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу амалий соҳалардаги асосий иш йўналишларини белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжатдир», — деди дипломат.

«ШҲТ алоқаларни таъминлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш каби йўналишларда, шунингдек, ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюта курсини босқичма-босқич ошириш каби муҳим масала бўйича иш олиб бормоқда. Бу соҳаларда амалий қадамларни йўлга қўйиш бўйича маълум қарорлар қабул қилинишини кутамиз», — дея қўшимча қилди Стёпкина.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодиёт, энергетика, рақамлаштириш, транспорт, коммуникациялар, инновациялар, янги технологиялар, қишлоқ хўжалиги, ўсимликлар карантини каби соҳаларда ҳам қатор концептуал дастурий ҳужжатлар тайёрланган. «Яъни, ШҲТ кун тартиби тобора кенгайиб бормоқда», — деди россиялик дипломат.

ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унинг аъзолари Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондир. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ШҲТ саммити бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ