Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб табиий газдан синтетик авиакеросин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

"ЎЗБЕКНЕФТГАЗ" МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда табиий газдан синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарила бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

«Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тарихида илк бор, “Uzbekistan GTL” заводида халқаро стандарт (ASTM D-7566) ва техник талабларига мос бўлган синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Синтетик керосиннинг 23 та асосий физик-кимёвий ва техник параметрлари тўлиқ талаб даражасига етказилган. Асосий параметрлардан бири бўлган музлаш ҳарорати халқаро стандарт талаб даражасига (-47°С) етказиш ишлари якунланган.

Uzbekistan GTL заводи томонидан IAТA, ASTM International, Def Stan халқаро ташкилотларининг авиация ёқилғиси учун хом ашё сифатида GTL керосинини синтетик компонент сифатида фойдаланишга рухсат этилганлиги тўғрисида ижобий хулосалар олинган. Синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилган.

Дунёда синтетик авиаёқилғи ва биоёқилғини яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича ишлар узоқ вақтдан бери давом этиб келади. 2011 йилдан тижорат авиациясида анъанавий реактив ёқилғи билан аралаш (50% дан кўп бўлмаган) кўринишида биоёқилғидан фойдаланишга рухсат берилган. Ўшандан бери у кўплаб авиакомпаниялар, жумладан Air France, Finnair, KLM, Lufthansa ва SAS томонидан қўлланилади.

Авиация эҳтиёжлари учун синтетик керосин ишлаб чиқарадиган дунёдаги биринчи завод 2021 йилда Берлинда очилган эди. Бу ерда яқин атрофдаги тўртта шамол станциясидан сув ва электр энергияси карбонат ангидрид билан қўшилиб, хом нефть ишлаб чиқарилади, сўнгра у реактив ёқилғисига айлантирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ