Сенаторлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини танқид қилиб, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни рад этишди

ЧАПДА – СЕНАТ РАИСИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ СОДИҚ САФОЕВ. СЕНАТ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТЛАРИДАН КОЛЛАЖ

Олий Мажлис Сенатининг 13-сентябрь куни бўлиб ўтган 32-ялпи мажлисида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти танқид қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Даставвал сенаторлар Ташқи ишлар вазирлигининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Уни вазир ўринбосари Фурқат Сидиқов ўқиб эшиттирди. Жумладан, у қуйидагиларни маълум қилди:

✅ ТИВ томонидан олий ва юқори даражада 500 дан ортиқ ташрифлар, учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларга оид 90 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

✅ Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари контекстида белгиланган товарлар экспорти бўйича прогноз 4,642 миллиард долларга бажарилди.

✅ Республика ҳудудларига бириктирилган элчихоналар томонидан умумий қиймати 13,4 миллиард долларлик 386 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг ҳисоботини муҳокама қилар экан, сенаторлар вазирлик фаолиятидаги қатор камчиликларни қайд этдилар:

👉 Хусусан, Ўзбекистон 140 дан ортиқ давлатлар билан дипломатик алоқаларни ўрнатилганига қарамай, инвестицион ҳамкорлигимиз уларнинг атиги 25 фоиз яъни 35 та мамлакат билан олиб борилиши, салбий аҳамиятга эга бўлмоқда. Грузия, Дания, Нидерландия, Ирландия, Бразилия, Португалия, Бангладеш, Греция каби салоҳиятли мамлакатлар билан ташқи савдо алоқалари йўлга қўйилмаган.

ТИВ раҳбари ўринбосари Фурқат Сидиқов. Ўзбекистон Сенати матбуот хизмати фотосурати

👉 Элчихоналар ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган лойиҳаларнинг 50 фоизи амалиётга татбиқ этилмасдан қолиб кетмоқда.

👉 Туризмни тарғиб қилиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб чиқиш йўналишида элчихоналаримиз томонидан амалга оширилган ишлар сезиларли натижа бермаган.

👉 Хорижий сайёҳлар учун E-visa веб-сайти орқали Ўзбекистон электрон визасини олишда турли техник носозлик ва қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

👉 Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарининг расмий веб-сайтларидаги маълумотлар мунтазам равишда янгиланиб борилмайди. Инвесторлар, ишбилармонлар ва сайёҳлар учун етарли маълумот ва ҳаволалар жойлаштирилмаган.

Ташқи ишлар вазирлиги меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни амалга оширмаяпти.

«Хусусан, меҳнат мигрантлари учун янги йўналишлар яратиш доирасида Буюк Британия, Польша, Латвия ва Литва каби хорижий шериклар билан икки томонлама ҳужжатлар имзоланишида сусткашликка йўл қўйилган», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Ушбу мажлисда Сенат «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Аввалроқ у экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида сенаторлар томонидан таҳлил қилинган эди. Улар унда бир қатор камчиликларни аниқладилар, шу сабабли қонун рад этилди.

Сенатда илк бор Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти танқид қилинди. Эслатиб ўтамиз, 2022 йил апрель ойи охиридан бери вазирликни Владимир Норов бошқариб келмоқда. Ундан аввалги Абдулазиз Комилов 2012 йилнинг январидан 2022 йилнинг апрелигача ўн йилдан ортиқ вақт давомида Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ