Хитой раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати хабар берди.
Си Цзиньпин 14 сентябрь куни давлат ташрифи якунлангач, Қозоғистондан Ўзбекистонга келади. Бу Хитой раҳбарининг COVID-19 пандемияси бошланганидан, ХХР чегараларини ёпганидан бери биринчи сафари бўлади. Ташриф Хитойнинг Россия билан «чегарасиз» ҳамкорлиги туфайли кўплаб Ғарб давлатлари билан муносабатлари кескинлашган бир пайтда Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан стратегик алоқаларига урғу беради, деб таъкидлайди Reuters.
Ўзбекистонда Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлардан саммитга келган қатор ҳамкасблари билан икки томонлама ва уч томонлама форматда учрашувлар ўтказади.
Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги музокараларда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
«Ҳар доимгидек, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, энг аввало, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, инновациялар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт борасидаги қўшма лойиҳалар, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги дастурларни илгари суриш масалалари диққат марказида бўлади. Учрашув якунида Қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил 11-13-май кунлари давлат ташрифи билан Хитойда бўлган эди. Ўшанда умумий қиймати 22 миллиард доллардан ортиқ бўлган 105 та ҳужжат имзоланганди.
Шу билан бирга, Эрон президенти Иброҳим Раиси 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Самарқанд шаҳрида олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари ва ташриф дастурининг бошқа тадбирлари бўлиб ўтади. Учрашувлар якунлари бўйича қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Россия президенти Владимир Путиннинг ШҲТ саммитига келишини алоҳида эълон қилди.
Мирзиёев билан музокараларда стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинади. Президентлар кун тартибининг халқаро ва минтақавий долзарб масалалари юзасидан фикр алмашадилар. Путин Ўзбекистонда 15-16 сентябрь кунлари, яъни ШҲТ саммити кунлари бўлади.
Саммитда иштирок этиш ШҲТга аъзо давлатларнинг барча раҳбарлари томонидан тасдиқланган. Ҳозирда ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Самарқанддаги саммитда Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши кутилмоқда.