Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Самарқандда учрашади. Бу ҳақда Путин Шарқий иқтисодий форум доирасида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Российская газета».
«Менинг яхши дўстим, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга энг яхши эзгу тилакларимни етказинг», — деди Россия президенти Ли Чжаньшу билан учрашувда.
Россия ва Хитой раҳбарлари охирги марта февраль ойи бошида Пекинда учрашган эди. Музокаралар натижасида икки давлат раҳбарлари ҳужжатлар тўпламини имзоладилар ва Қўшма баёнот қабул қилдилар. Унда халқаро муносабатларда кенг кўламли ўзгаришлар рўй бераётгани – кучлар мувозанатини қайта тақсимлаш тенденцияси юзага келаётгани, тинчлик ва илғор ривожланиш учун жаҳон ҳамжамиятининг етакчиликка бўлган талаби ортиб бораётгани қайд этилганди.
Баёнотда, шунингдек, томонлар НАТОнинг янада кенгайишига қарши эканликлари ва альянсни совуқ уруш давридаги мафкуравий ёндашувлардан воз кечишга чақиришлари таъкидланганди.
15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ШҲТ саммити бўлиб ўтади. Унда 20 га яқин давлат раҳбарлари – нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки таклиф этилган давлатларнинг раҳбарлари ҳам иштирок этадилар.