Ўзбекистон Омбудсмани Феруза Эшматова июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни мустақил тергов қилиш бўйича ўзи бошчилигидаги комиссия аъзолари билан биргаликда блогер Даулетмурат Тожимуратов сақланаётган тергов изоляторига (СИЗО) ташриф буюрди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Тожимуратов Урганч шаҳрида жойлашган 11-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Комиссия аъзолари изолятордаги сақлаш шароитлари, озиқ-овқат, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари билан танишганлар. Ҳибсга олинганларнинг адвокатлари ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашувлар ўтказиш учун биноларни кўздан кечиришган. Ҳибсга олинганлар, жумладан Тожимуратов билан суҳбатлашишган.
Блогер уларга адвокат билан таъминлангани, у билан учрашгани ва ҳеч ким унга ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаганини айтган. Шунингдек, у оила аъзолари билан қисқа учрашув ўтказган. У посилкалар олиб туради ва изолятордаги озиқ-овқат сифати ва бошқа шароитлардан мамнун.
«Д.Тожимуратовнинг сўзларига кўра, тергов ҳаракатлари давомида ва тергов изоляторида унга нисбатан қийноқлар, босим ва тазйиқлар кузатилмаган», — дейилади Омбудсмен матбуот хизмати хабарида.
Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлишган.
Даулетмурат Тожимуратов «Эл хизматида» газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган. Тергов маълумотларига кўра, 1 июль куни тушдан кейин Тожимуратов Makan.uz Телеграм канали орқали Конституцияга ўзгартириш киритишга уринишларга жавобан Жўқорғи Кенгес биноси олдида Қорақалпоғистон озодлиги учун митинг ўтказишга чорловчи видеомурожаат йўллаган. 40 дақиқадан сўнг уни Нукус ИИБга олиб кетишган.
Блогер ҳибсга олинганидан хабар топган унинг бир гуруҳ тарафдорлари Тожимуратовни озод қилишни талаб қилиб, милиция бўлимига боришади. Улар марказий деҳқон бозорига кетаётиб, тартибсизликлар уюштиришади. Тожимуратов қўйиб юборилади, аммо тартибсизликлар тўхтамайди, энди улар блогер иштирокида бўлиб ўтади. Тез орада блогер яна ҳибсга олинади.
8 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Даулетмурат Тожимуратов ва Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллихоновага нисбатан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ўзбекистон Республикасида ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш») билан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Мазкур иш бўйича жами 14 кишининг иши кўрилмоқда.