Агар келгуси йилнинг июлига қадар вилоят ҳокимлари озиқ-овқат маҳсулотлари импортига боғлиқлигини камайтира олмаса, уларни лавозимидан четлаштириш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Президент ички бозор ҳамон 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига боғлиқлигини таъкидлаган.
«Иқлимнинг кескин ўзгараётгани, кўп давлатларда қурғоқчилик бўлгани оқибатида бутун дунёга озиқ-овқат етишмовчилиги хавф солмоқда. Халқаро майдондаги вазият туфайли глобал ишлаб чиқариш занжирларининг узилиши, логистикадаги муаммолар сабабли кўпчилик давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига чекловлар қўяётганини ҳам кўриб турибсизлар. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бундай шароитда ўз ҳудудида ички талабни тўлиқ таъминлаш ва экспортни ошириш бўйича имкониятларини ҳисоб-китоб қилиши шарт. Лекин, ҳали кўп ҳокимлар буни тушуниб етмаяпти», — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг картошкага йиллик эҳтиёжи 3,4 миллион тоннани ташкил этиши таъкидланди. Жумладан, Қорақалпоғистонда йилига 100 минг тоннага яқин, Навоий вилоятида 45 минг тонна, Жиззах вилоятида 35 минг тоннага яқин картошка етишмайди. Уруғ экинлари ҳажмининг 25% гача импорт қилинади. Ўсимлик мойига йиллик талаб 515 минг тоннани ташкил этади, бу ҳажмнинг 46 фоизи четдан келтирилади. Маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари тўлиқ қувват билан ишламаяпти.
Президент импорт ўрнини босиш бўйича муваффақиятли ҳудудларни таъкидлади. Шу тариқа, Андижон, Бухоро, Хоразм вилоятларида аҳолига ажратилган қўшимча гектар майдонлардан унумли фойдаланиб, уч баробар ҳосил олинди ва ички бозорни таъминлаб, экспорт ҳажми бир ярим баробарга оширилди.
Кейинги уч йилда республикани парранда гўшти, тухум, балиқ, шоли билан таъминлаш даражаси сезиларли даражада яхшиланди. Масалан:
👉 Андижонда балиқ етиштиришни 4000 тоннадан 25000 тоннага, Бухорода эса 3500 тоннадан 23000 тоннага оширилди;
👉 Самарқандда парранда гўшти ишлаб чиқаришни 22 минг тоннадан 100 минг тоннага, Тошкент вилоятида 31 минг тоннадан 90 минг тоннага етказилди;
👉 Сирдарёда тухум етиштириш 127 миллиондан 200 миллионга, Наманганда 480 миллиондан 700 миллионга, Фарғонада 350 миллиондан 600 миллионга кўпайтирилди.
Бироқ айрим вилоятларда ҳокимлар бу ишни тўғри ташкил эта олмаган. «Нима, бу вилоятларнинг ҳокимлари озиқ-овқат қанча танқис экани, ўз ҳудудига қанча импорт маҳсулот келишини билишмайдими?», — деб сўради президент.
Мирзиёев бу ҳолатни қаттиқ танқид қилиб, мутасаддиларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда ушбу 25 турдаги импорт маҳсулотларини ишлаб чиқариб, кўпайтириш бўйича лойиҳа пакетларини тақдимот қилиб, ҳукумат қарорини чиқаришни топширди. «Давлатимиз раҳбари жойларда кўзбўямачиликлар, қўшиб ёзиш ҳолатлари учраётганини кескин танқид қилиб, соҳа мутасаддиларини огоҳлантирди», — деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг мавсумий ўзгаришига музлатгич камералари ўрнатилган омборхоналарнинг йўқлиги сабаб бўлаётгани таъкидланди. Уларнинг тақчиллиги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 50 та туманда мавжуд. Умуман олганда, омборларнинг мавжуд сиғими бугунги кунда 1,5 миллион тоннани ташкил этади, бу етиштирилган маҳсулот умумий ҳажмининг 7 фоизидан ҳам камдир. Вилоятлар ҳокимларига мазкур 50 та тумандаги омборлар сиғимини кескин ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш иштирокчилари мева-сабзавот маҳсулотларини қиш-баҳор ойларида сақлаш ва ташиш имкониятларини кенгайтириш учун юк автомашиналари, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратишни таклиф қилишди. Президент бу таклифни қўллаб-қувватлади. Бу мақсадлар учун тижорат банкларига 140 миллион доллар ажратилгани, қишлоқ хўжалигига хориждан узоқ муддатли жалб қилинган маблағлар ҳалигача ўзлаштирилмаганини айтди. Мавжуд кредитларнинг яна 330 миллион доллари йил бошидан бери ўзлаштирилмаган.
«На банклар, на лизинг компаниялари раҳбарлари, на ҳокимлар бу маблағларни тадбиркорларга беришга уринмаяпти», — деди президент.
У юк машиналари учун агролизинг бериш, иссиқхона эгаларига имтиёзлар бериш муҳимлигини таъкидлади. «Агролизинг» акциядорлик жамияти фаолиятини деҳқон ва фермерларга молиявий ёрдамчи бўлиб хизмат қиладиган тизимга айлантириш бўйича топшириқ берилди.
Боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш агентлигига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш майдонларини 300 минг гектарга етказиш, аҳоли талаби ва импортини таҳлил қилиш асосида экинларни оқилона ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Қашқадарёлик ва фарғоналик фермерларни видеоалоқа орқали тинглаган Мирзиёев уларнинг молиялаштиришни осонлаштириш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади.
Мутасаддиларга 15 сентябрдан бошлаб ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра, сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишни йўлга қўйиш топширилди. Бунда, ушбу маблағларнинг ярмини нақд пулда ажратишга рухсат берилади. Бунинг учун, Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.
Эндиликда картошка, сабзавот, ёғ-мой экинлари экадиган кластер ва деҳқонларга ҳосилни суғурталаш харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Мирзиёев республика бўйича ҳар йили 300 минг тонна картошка, 6 минг тонна дуккакли, 11 минг тонна мойли экинлар уруғини тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкилади.
Президент ижобий мисол сифатида у Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 450 центнергача ҳосил берадиган элита картошка уруғи етиштираётган тадбиркорларни келтирди. Президент бу тажрибани янада кенгайтириш, дуккакли ва ёғли экинлар етиштиришга хусусий сектор билан биргаликда татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир туманда камида биттадан интенсив сабзавот кўчатчилиги ташкил этиш, барча унумдор ерларни интенсив экишга ўтказиш бўйича топшириқлар берди.
Карантин хизматидан деҳқонлар норозилиги, улар кўмакчи эмас, назоратчи бўлиб қолгани танқид қилинди. Хизмат бошлиғи Иброҳим Эргашев охирги марта қатъий огоҳлантирилди.
Мирзиёев аграр соҳада режалаштирилган катта ислоҳотларни амалга ошириш, аввало, ушбу соҳа раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Аграр ва озиқ-овқат масалалари комплекси раҳбари Шуҳрат Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов ва янги Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга боғлиқ эканини айтди.
«Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак», — деди президент.
Бу раҳбарларнинг деҳқон ва фермерлар муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш ўрнига, «эски услубда ишлаб, кўп сонга қасд қилишда давом этаётгани»ни танқид қилинди.
Йиғилишда йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтиб ўтилди.
«Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади», — деди Президент сўзининг якунида.