Euronews телеканали Silk Road Samarkand ва «Абадий шаҳар» тўғрисида сюжет суратга олди

«Абадий шаҳар» мажмуаси. Андрей Кудряшов фотосурати, ИА "Фарғона" АА

Euronews телеканали Самарқанд шаҳрида яқинда очилган Silk Road Samarkand («Буюк Ипак йўли») ва ноёб «Абадий шаҳар» мажмуаси ҳақида сюжет намойиш этди.

Хабарда айтилишича, Silk Road Samarkand лойиҳаси доирасида мутлақо янги форматдаги туристик маҳсулот йўлга қўйилмоқда. Бу ерда шаҳарнинг илк беш юлдузли меҳмонхоналари очилади, ўзига хос яшил боғ тақдим этилади. Silk Road Samarkandнинг муҳим ҳамкорларидан бири Хитойнинг Minyoun Hospitality меҳмонхоналари тармоғидир. Айнан Самарқандда тармоқнинг Марказий Осиёдаги илк меҳмонхоналари очилади.

Сюжетда, шунингдек, «Абадий шаҳар» мажмуаси кўрсатилган бўлиб, Euronews мухбирининг сўзларига кўра, ушбу масканнинг дунё эътирофига сазовор бўлишига одамларнинг ишончи комил.

««Абадий шаҳар» мажмуасига юз нафардан ортиқ халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати усталари маҳаллий аҳоли сифатида «жойлашади». Улар ўзбек кулолчилиги, тўқимачилик, ипак, органик ёғлар ва гиёҳлар, миллий либослар, сувенирлар, сўза ва гиламларнинг энг бой хазинасини тақдим этадилар», — дейилади репортажда.

YouTubeда эълон қилинган Euronews сюжетини кўрган томошабинлар янги марказ, Самарқанд ва умуман Ўзбекистон ҳақида юзлаб ижобий фикрларни ёзганлар.

Изоҳларнинг аксарияти ижобий бўлиб, томошабинлар Самарқандни зиёрат қилиш истагини билдиришмоқда, Ўзбекистонда бўлганлар ва маҳаллий аҳоли барчани республикага ташриф буюришга ундайди.

Silk Road Samarkand компанияси бош директори Артем Егикяннинг айтишича, марказ жорий йилнинг кузида илк сайёҳларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

«Ҳозирда брон қилиш тизими сентябрь ойининг охиридан бошлаб мавжуд саналар билан ишга туширилмоқда. Ишончимиз комилки, меҳмонхоналар ва бутун марказимизнинг сиғими Самарқандга сайёҳлар оқимини икки баравар оширишга ёрдам беради», — дейди Егикян.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга келаётган хорижлик сайёҳлар сонини бир ярим миллиондан ортиқ кишига етказиш режалари ҳақида гапирган эди.

Сайёҳлик маркази ҳудудида 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатларининг саммити бўлиб ўтадиган Конгресс холл мажмуаси жойлашган. Унинг майдони 18 минг квадрат метрни ташкил этади ва унда сиғими 3,5 минг кишигача бўлган ўн учта конференция заллари мавжуд.

Туристик марказ қурилиши 2019 йилда бошланган. Унга тажрибали архитектор ва муҳандислардан иборат халқаро гуруҳ жалб этилган. Ишда ўзбекистонлик қурувчилар билан бирга Туркия, Буюк Британия, Эрон, Италия каби давлатлардан мутахассислар иштирок этдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ