Ўзбекистонга иккита собиқ уран конлари — Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркесар (Наманган вилояти)даги конларни рекультивация ишлари учун 7 млн евро ажратилади. Маблағ Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан бошқариладиган кўп томонлама жамғарма – Марказий Осиё учун Экологияни қайта тиклаш ҳисоби (ЭТҲ) томонидан ажратилади, деб хабар беради ЕТТБ матбуот хизмати.
1 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Ядро хавфсизлиги департаменти директори Балтазар Линдауэр ўртасида Битим имзоланди.
ЕТТБ Марказий Осиё собиқ СССРда ураннинг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилганини эслатди. Уран 50 йилдан ортиқ вақтдан бери қазиб олинган ва уран рудаси қайта ишлаш учун бошқа мамлакатлардан ҳам олиб кетилган. Оқибатда тоғ-кон чиқиндилари ва қолдиқларида катта миқдорда радиоактив моддалар тўпланиб қолган. Конларнинг аксарияти 1995 йилга келиб ёпилган, бироқ аввал ёки ундан кейин жуда кам реставрация ишлари олиб борилган.
Минтақада тўпланиб қолган радиоактив чиқиндилар ҳажми атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига хавф туғдиради. Тўғридан-тўғри хавф-хатарларга радионуклидлар, гамма-нурланиш манбалари, оғир металлар ва бошқа ифлослантирувчи моддаларнинг ер ости ва ер усти сувларига ажралиши ва сизиб чиқиши киради.
Ўзбекистондаги иккита объектда рекультивация ишлари 2023 йилнинг биринчи чорагида бошланиб, тахминан икки йил ичида якунланиши кутилмоқда.
Янгиободда тўртта шахта ёпилади, ифлосланган бинолар ва қайта ишлаш корхоналари бузилади, бир қанча чиқинди тошлар кўчирилади. Лойиҳа Янгиобод шаҳрида туризм соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга ҳам йўналтирилади. Чоркесар қишлоғидаги ободонлаштириш ишлари доирасида иккита шахта ёпилиб, иккита сув олувчи канал реконструкция қилинади.
Умуман олганда, ЭТҲ ушбу мақсадлар учун 9 миллион евро ажратади. Экология давлат қўмитаси ва ЕТТБ ўртасида қиймати 2 миллион евро бўлган биринчи келишув 2021 йили имзоланган, дея изоҳ берди қўмита матбуот хизмати.
ЭТҲ Жамғармаси (ERA) 2015 йили Европа Иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган ва ЙТТБ томонидан бошқарилади. Унинг вазифаси Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги еттита устувор объектни экологик реабилитация қилиш учун ҳомийлик маблағларини йиғишдан иборат.