Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси 2022/2023 йилги мавсумнинг камида биринчи ярмини Италиянинг «Рома» клубида ўтказади, у ерда деярли ўйин амалиётига эга бўлмайди.
ОАВда Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчисига Туркиянинг «Трабзонспор», Италиянинг «Монца», «Торино», «Сассуоло» ва «Болоня», шунингдек, Англиянинг «Вулверхэмптон» ва Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шомуродовни сотиб олишга энг яқин бўлган «Болоня» бўлиб, у футболчини «Рома»дан бир мавсумга ижарага олишга ва кейинчалик сотиб олишга тайёрлигини билдирган, бироқ томонлар ҳалигача бу суммани келишиб олишмаган.
Элдор Шомуродовнинг «Рома»дан кетиши ҳақидаги гаплар шу йилнинг июль ойида римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо ўзбекистонлик ҳужумчидан «таассуротда эмаслиги» ва футболчининг ўзи ҳам бу борадаги ишлардан, ўйин вақти миқдоридан норози эканлигини маълум қилганидан кейин бошланган эди. Ёзда Рим клуби яна икки ҳужумчини сотиб олди — аргентиналик Паоло Дибала ва италиялик Андреа Белоттини.
Шу тариқа, Элдорнинг асосий таркибга ўтиш имкониятлари иллюзия бўлиб чиқди. Мавсум бошидан бери Шомуродов жамоа сафида расмий ўйинларда бир дақиқа ҳам майдонга тушмади. У охирги марта август ойи бошида Донецкнинг «Шахтёр» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушганди.
Ўйин амалиёти йўқлиги футболчининг келажакдаги фаолияти ва Ўзбекистон терма жамоасидаги ўйинига таъсир қилиши мумкин.
Афтидан, «Рома» раҳбарияти ўзбекистонлик футболчини сотишга шошилмасликка ва қишки трансфер ойнасида бошқа клублардан яхшироқ таклифларни кутишга қарор қилган кўринади.
Элдор Шомуродов Муборакнинг «Машъал» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2015 йили Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига ўтган. 2017 йили у Ростовга таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йилнинг октябрь ойида 7,5 миллион евро товон эвазига Генуяга кўчиб ўтади. У Генуяликлар сафида А серияда 31 та ўйин ўтказиб, 8 та гол урган.
Ўтган йил август ойида «Рома» ўзбекистонлик ҳужумчини 17,5 миллион евро эвазига сотиб олган ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолаган эди. Мавсум якунига кўра римликлар А серияда олтинчи ўринни эгаллашди.Шомуродов 28та ўйинда майдонга тушди, шундан 23тасида ўзбекистонлик захирадан майдонга тушди. Унинг ҳисобида учта гол ва тўртта голли узатма бор. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 28 ёшли ҳужумчи 56та ўйин ўтказиб, 30та гол урган.