Мирзиёев Ўзбекистонни янгилаш борасида бешта устувор вазифани белгилаб берди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни «Янги Ўзбекистон» боғида Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирида сўзлаган нутқида ҳукуматнинг 2026 йилгача ҳал этиши лозим бўлган бешта устувор вазифани белгилаб берди.

Биринчи вазифа — таълим соҳасида энг қулай шарт-шароитларни яратиш. Шу мақсадда хорижлик мутахассислар иштирокида мактаб ўқув дастурлари, таълим методикаси ва дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади. Мамлакатда янги мактаблар қурилади, имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш давом эттирилади, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати рағбатлантирилади.

Иккинчи вазифа – суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш.

«Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта давом эттирамиз», — деди Мирзиёев.

Учинчи вазифа – тадбиркорликни ривожлантириш.

«Дунё тажрибасидан маълумки, фақат тадбиркорлик ривожланган давлатда – сифатли таълим, малакали тиббиёт, фаровон ҳаёт ҳамда эртанги кунга ишонч бўлади», — деб таъкидлади президент.

Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, қашшоқлик камаяди, аҳоли даромадлари ортади. Ҳокимият хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқларни олиб ташлаш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин қисқартириш ниятида.

«Биз аҳоли ва тадбиркорларга солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ тизимини соддалаштириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттирамиз. Бунда ҳеч кимга алоҳида имтиёзлар берилмайди, соғлом рақобат муҳити учун барча зарур шароитлар яратилади», — деди Мирзиёев.

Тўртинчи вазифа – аҳолининг сифатли ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Барча ҳудудларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш қамрови оширилиб, аҳолига яқинлаштирилади, одамлар соғлом турмуш тарзига даъват этилади.

Бешинчи вазифа – аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш. Бу соҳага киритилаётган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада оширилади. Сув таъминоти муаммоси мавжуд ҳудудларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурлар амалга оширилади.

Бу вазифаларнинг барчаси ҳал этилиши натижасида Ўзбекистон ҳар бир фуқароси ҳақида қайғурадиган очиқ ва адолатли жамиятга айланади, деди президент. У ўз нутқида Янги Ўзбекистон қиёфасини конкретлаштирди – бунда:

👉 ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берилиши;

👉 одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлиши;

👉 ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлиши;

👉 тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилиши лозим.

«Албатта, бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда олдимизда турли қийинчилик ва муаммолар пайдо бўлиши табиий ҳол. Лекин ўз тарихида қанча-қанча синов ва машаққатларни бошидан кечирган мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга қодир. Мен бунга қатъий ишонаман», — деди Мирзиёев.

У «янгиланаётган Конституция бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини» қўшимча қилди.

«Асосий қонунимизни шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқимиз билан маслаҳат қилиб, фақат умумхалқ референдуми асосида қабул қиламиз», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон ҳеч қачон демократик ислоҳотлар йўлидан оғишмаслигини айтаркан, «бу халқимиз манфаатларига тўла жавоб беради. Қанчалик қийин бўлмасин, биз фақат олға интиламиз», — деди Президент.

ℹ️ Ўзбекистон Мустақиллик куни 1 сентябрь куни нишонланади. Байрам муносабати билан «Ўзархив» агентлиги Ўзбекистон Олий Кенгашининг республика давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисидаги қарори асл нусхаси ва бир йиллигини нишонлашдаги фотолавҳаларни эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ