Президент Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши пойдеворига капсула қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд қилинади. Шаҳарча марказида Хоразмийнинг ҳайкали ўрнатилади.

Бу ерда Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилади. Унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб қурилади. Мирзиёев март ойида лойиҳа тақдимотида таъкидлаганидек, «университет, инновацион марказ ва мактаблар илмий-таълим кластерини ташкил қилади».

Шунингдек, шаҳарчада технопарк ва офислар, тиббиёт, инновация ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, автотураргоҳ, савдо ва маиший бинолар бўлади. 5 мингта хонадонли 104 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Иншоотлар «ақлли технологиялар» асосида жиҳозланади.

«Бугунги замонавий илм-фаннинг, электрон кашфиётларнинг туб замини Ал-Хоразмий бобомизнинг мислсиз илмий мероси билан боғлиқ. Биз бу билан нафақат фахрланашимиз, балки унга муносиб бўлишимиз керак. Шунинг учун Урганч шаҳрида буюк олим номи билан аталадиган алоҳида шаҳарча барпо этишга қарор қилдик», — деди Шавкат Мирзиёев капсула қўйиш чоғида.

Бундан олдин президент Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ерда 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди. Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ