Чусовитина либоси Олимпия музейида Болтнинг майкаси ва Федерернинг ракеткаси билан ёнма-ён жой олди

Оксана Чусовитина либоси. olympic.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи Оксана Чусовитинанинг Токио Олимпиадасида иштирокидаги либоси Лозаннадаги Олимпия музейи экспозициясидан ўрин олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар берди.

Чусовитина саккизинчи Олимпиадасидан сўнг уни эсдалик учун музейга тақдим қилган. 2020 йилги Токио олимпиадаси унинг карьерасидаги саккизинчи халқаро анжуман бўлиб, бу спортчи эришган юксак ютуқ ҳисобланади.

Чусовитина эпикировкаси ямайкалик энг зўр спринтер Усейн Болт ва Швейцариянинг кўп карра чемпиони Рожер Федерернинг теннис ракеткаси билан ёнма-ён жойлашди.

47 ёшли Чусовитина фаол спортчи бўлиб, совринларни қўлга киритишда давом этмоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг август ойида гимнастикачи Туркияда ўтказилган Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

Оксана Чусовитина спорт оламида узоқ умр кўргани учун журналистлардан «гимнастика бувиси» лақабини олган. У ўз фаолиятини 1991 йилда СССР терма жамоаси аъзоси сифатида бошлаган ва 1992 йилда Олимпия ўйинларида собиқ СССР мамлакатлари бирлашган терма жамоаси таркибида олтин медални қўлга киритган. Фаолияти давомида СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоаларида ўйнаган, уч карра жаҳон чемпиони ва Европа чемпиони бўлган.

Чусовитина гимнастика тарихида саккизта ёзги Олимпия ўйинларида қатнашган ягона шахс бўлиб, унинг номи Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. 2017 йил май ойида унинг номи Халқаро гимнастика шон-шуҳрат залига (International Gymnastics Hall of Fame, IGHOF) киритилди ва шу кунгача юқори натижаларни қўлга киритишда давом этмоқда.

Лозаннадаги Олимпия музейи 1993 йил 23 майда Халқаро олимпия қўмитаси раиси Хуан Антонио Самаранч ташаббуси билан очилган. Музейда турли даврларга оид артефактлар ва спортга оид ҳужжатлар сақланади. Жумладан, 1913 йилги биринчи Олимпия байроқларидан бири, Пьер де Кубертеннинг шахсий буюмлари тўплами, 1896 йилдан бери барча ўйинлар, шу жумладан 1916, 1940 ва 1944 йиллари ўтказилмаган халқаро мусобақаларга доир буюмлар ўрин олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ