Қозоғистон ҳукумати Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларни республика ҳудудига кўчиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Бош вазир Алихон Смоилов Tengrinews.kz нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Биз ҳозирда релокация ишларини олиб бормоқдамиз. Хусусан, Россия бозорини тарк этган 250 дан ортиқ компания, асосан, нохомашё секторидаги Ғарб компанияларидир. Биз мақсадли рўйхат туздик, Қозоғистон уларнинг бозоримизга кириб келишидан манфаатдор экани ҳақида маълумот бердик. 45 та компания Қозоғистонда ишлашга доир ижобий қарор қабул қилди. Ҳозир биз ҳар бир компания билан ишлаяпмиз, корхоналарга ишлаб чиқаришни иқтисодиётимизга сингдиришга ёрдам берувчи ҳар бир лойиҳа бўйича ишчи гуруҳлар туздик», — дейди мулозим.
Унинг фикрича, бу босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён. «Иккита компания аллақачон ўзимизда корхонасини очди. Бу йил ҳам, келгуси йилда ҳам янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширамиз, деган умиддамиз», — деди ҳукумат раҳбари. Қозоғистон бозорига қайси компаниялар кириш ниятида экани ҳақида гапирар экан, Бош вазир шундай изоҳ берди: «Булар Олмаотада ўз корхоналарини очган Skoda, GE Healthcare, Philips, Honeywell компанияларидир».
Смоилов, шунингдек, геосиёсий қарама-қаршилик умуман глобал тараққиётга салбий таъсир қилишини таъкидлади. «Энергия, озиқ-овқат нархлари ошиб бормоқда, логистика, савдо ва транспорт алоқалари узилмоқда. Буларнинг бари барча мамлакатларга салбий таъсир кўрсатади. Ҳозир бутун дунёда, Қозоғистонда [шу жумладан] йирик инфляцион жараёнлар содир бўлмоқда. Валюта курсида маълум ўзгарувчанлик бор, лекин биз валюта курсини ҳам, нархлар ошишини ҳам барқарорлаштириш чораларини кўряпмиз», — деди у.
«Коммерсант»нинг ёзишича, Украинада ҳарбий операция бошлангани ва бир қатор Ғарб компаниялари Россия бозоридан чиқиб кетганидан сўнг Қозоғистон Россия учун параллел импорт схемаси бўйича товарлар етказиб берувчига айланди, бу эса, ўз навбатида янги иш ўринлари яратиш истиқболларини очади. Қозоғистон орқали Россияга ускуналар, масалан, Samsung смартфонлари аллақачон олиб келинмоқда. Гарчи «параллел» смартфонлар тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчининг товарларига нисбатан анча қиммат бўлса-да, бу россиялик истеъмолчиларга оригинал маҳсулотларни сотиб олиш ва бозорни қалбаки маҳсулотлар билан тўлдиришдан қочиш имкониятини беради, дея таъкидлайди газета.