Европарламент тожик ҳукуматининг Тоғли Бадахшондаги репрессияларини қоралади

ТБАВда ОМОН ходимлари. «Азия-плюс» сайти фотосурати

Европарламент 2021 йил ноябрь ва 2022 йил май ойларида Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) ўтказилган намойишлардан сўнг тожик расмийлари томонидан намойишчилар, журналистлар, блогерлар, ҳуқуқшунослар ва фаолларга нисбатан олиб борилган шафқатсиз репрессияларни қоралади. Европарламент 7 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда тегишли резолюцияни қабул қилди.

Шунингдек, у минтақада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан жиддий хавотир билдирди ва маҳаллий аҳолига нисбатан тазйиқларни тўхтатишга чақирди.

«Европарламент депутатлари Тожикистон ҳукуматига терроризм ва экстремизмга қарши қонуний кураш мухолифат фаолиятини бостириш учун баҳона сифатида ишлатилмаслигини, шунингдек, барча тожик фуқароларининг асосий эркинликлари ва қонун устуворлиги кафолатланиши кераклигини эслатади», — дейилади Европарламент баёнотида.

Европалик депутатлар Тожикистонни халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига вазиятни кузатиш, алоқаларни тўлиқ тиклаш ва минтақада Интернетдан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш учун ТБАВга зудлик билан ва сўзсиз киришни таъминлашга чақиради.

Европарламент ўзбошимчалик билан ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишни ва уларга қўйилган барча айбловларни олиб ташлашни талаб қилади. Бундан ташқари, у Тоғли Бадахшонда ўтган йил ноябрида ва жорий йилнинг май ойида содир бўлган шиддатли тўқнашувлар юзасидан мустақил тергов олиб бориш ва тегишли ишлар бўйича адолатли судловни таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди.

Қарор 520 овоз билан қабул қилинди, 24 депутат қарши, 31 депутат бетараф қолди. Тожикистон расмийлари бунга муносабат билдирмади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил кузида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ТБАВ ҳудудида «жиноятчиликка чек қўйиш», «керак бўлса» қўшинлардан фойдаланишга рухсат бериш ҳақида буйруқ берган эди. Бу қарор 2012 йилда ҳарбий амалиёт бўлиб ўтган, бир неча ўнлаб кишилар қурбон бўлган мухторият ва марказ ўртасидаги зиддиятни кучайтирди.

Ўтган йил ноябрь ойида вилоят пойтахти Хоруғ шаҳрида намойишларни зўравонлик билан бостириш натижасида уч маҳаллий аҳоли ҳалок бўлганди. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жорий йил май-июнь ойларида ўтказган «махсус операцияси» натижасида расмий версияга кўра, 16 киши, норасмий версияга кўра, 40 га яқин помирлик ҳалок бўлган.

Айни пайтда Душанбеда этник помирликлар орасидан жамоат фаолларига қарши фаол репрессиялар олиб борилмоқда. Уларга «давлатга қарши жиноятлар» учун 10 йилдан ортиқ қамоқ жазоси берилмоқда.