Қозоғистоннинг «Zhibek Zholy» кемаси томонидан Бердянскдан Туркияга ғалла ташиш Украина илтимосига кўра инсонпарварлик йўлида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда 1 июль куни «Қазақстан темір жолы» («Қозоғистон темир йўли») миллий компанияси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 2021 йил 26 октябрда «KTZ Express Shipping» МЧЖ (кема эгаси, 100% акциялари KTZ Expressга тегишли бўлиб, у ўз навбатида «Қазақстан темір жолы»нинг шўба корхонаси ҳисобланади) россиялик «Грин-Лайн» компанияси билан «Zhibek Zholy» кемасини 2022 йил 30 ноябргача ижарага берган ҳолда бербоат-чартер шартномасини тузган.
Ҳужжатда «Грин-Лайн» МЧЖ томонидан шартнома тузилган санадан ва унинг амал қилиш муддати давомида уларга ҳеч қандай санкциялар қўлланилмаслиги ҳақида кафолатлар берилган. Акс ҳолда, кема эгаси шартномани дарҳол бузишга ҳақли бўлади. Шу билан бирга, ижарачи кема эгаси билан юкнинг тури ва уни ташиш йўналишлари бўйича келишмайди.
«Қазақстан темір жолы» маълумотларига кўра, «Грин-Лайн» МЧЖ ва унинг раҳбарияти (Шчепин А.В., Тихомирова М.В.) АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Канаданинг санкциялар рўйхатига киритилмаган.
Бу компания 1999 йилдан бери дон ва нефть савдоси билан шуғулланиб келаётган Эстониянинг «Mangelbert OU» компанияси билан Украинадан Туркияга ғалла ташиш бўйича узоқ муддатли шартнома тузган.
«Mangelbert OU» раҳбарининг сўзларига кўра, 2022 йил 28 июнь куни Бердянск денгиз портида буғдой ортилган (6927,8 тонна) «Zhibek Zholy» кемаси Туркиянинг Карасу портига жўнаб кетган (кеманинг тахминий етиб келиш вақти 2022 йил 1 июль).
Шунингдек, у ғалла Украинага тегишли экани ва уни ташиш Украина томонининг илтимосига кўра гуманитар йўлак бўйлаб амалга оширилаётганини таъкидлади, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, KTZ Express» АЖ ушбу экспорт иштирокчилари, шунингдек, дипломатик миссия вакиллари билан фаол маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. KTZ Express» АЖ акциядорлик жамияти амалдаги санкция чекловларига қатъий риоя этиш мажбуриятини олади, дея таъкидлайди компания.
Аввалроқ қатор ОАВ ва Телеграм каналлари Бердянскдан (ҳозирда Россия Қуролли кучлари назорати остида) Украина донининг Қозоғистон юк кемаси орқали экспорт қилиниши Қозоғистонга иккиламчи санкциялар жорий этилиши хавфини туғдириши мумкинлигига эътибор қаратган эди.