Россиянинг Паспорт-виза хизмати ваколатхонаси Ўзбекистонда аккредитация олди

Олег Костюкга аккредитация гувоҳномаси топширилмоқда. Dunyo.info сайти фотосурати

Ўзбекистонда Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» корхонасининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги хабар беради.

Ваколатхона маслаҳатчиси Олег Костюк 20 май куни Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментида аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги расмий гувоҳнома олди.

Олег Костюк аккредитациядан ўтказилганлик учун миннатдорлик билдириб,

ваколатхона нафақат ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини уюшган равишда жалб қилиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида фаол иштирок этиш, балки фуқаролар учун турли хизматлар, хусусан, консалтинг ва ахборот хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ниятида эканини таъкидлади.

Костюк вакили бўлган ушту ташкилотнинг тўлиқ номи — Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт ва виза хизмати» Федерал давлат унитар корхонаси. ПВХ 2009 йилда ташкил этилган. Бу Россия Федерациясида жисмоний ва юридик шахсларга миграция соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатишга ихтисослашган ягона давлат корхонаси бўлиб, давлат хизматларини олишда Россия Ички ишлар вазирлигига тақдим этилган ҳужжатларни қайта ишлашга ёрдам беради.

Жумладан, ПВХда сиз қуйидаги бўйича маълумот ва маслаҳат хизматларини олишингиз мумкин:

👉 Россия Федерациясига кириш, қолиш, вақтинчалик ёки доимий яшаш;

👉 Россияда ишлаш;

👉 фуқароликни олиш, мажбурий мигрант, қочқин мақоми;

👉 миграция ва рўйхатдан ўтиш;

👉 мажбурий давлат дактилоскопия рўйхатидан ўтиш;

👉 паспорт ва виза ҳужжатларини расмийлаштириш.

Эслатиб ўтамиз, ПВХ ваколатхонаси Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан республиканинг 10 минг фуқаросини Россия қурилиш объэктларига жалб этиш бўйича «пилот лойиҳа» доирасида ҳамкорлик қилади.

Россия ҳукуматининг ўзбекистонликларни қурилиш соҳасида ишлашга жалб этиш бўйича синов лойиҳаси 7 октябрь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин томонидан маъқулланган эди. Лойиҳа меҳнат муҳожирларининг Россия Федерациясига келиш механизмини оптималлаштиришга қаратилган. Мутахассисларнинг малакасини танлаш иш берувчиларнинг билдирилган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда олдиндан амалга оширилади. Ўзбекистонликларнинг Россияга келиши ва ишлаши учун зарур бўлган барча тиббий ва ҳуқуқий тартиб-қоидалар, шунингдек, «пилот лойиҳа» иштирокчилари устидан текширувлар Ўзбекистонда ҳам амалга оширилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ