Олмаота вилоятида 25 киши қиздирилган дазмол қийноқларидан жабрланган, деб топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратурасининг жиноий тергов хизмати раҳбари Серик Шалабаев брифингда маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz.
«Барча аризачилар қийноқларда шундай усул қўлланганини тасвирлаб беришди. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида махсус прокурорлар томонидан 5 нафар милиция ходимининг иштироки аниқланган. Улардан уч нафари ўз айбига иқрор бўлди», — деди у.
Айни дамда, Шалабаевга кўра, махсус прокурорлар қийноқлар бўйича энг шов-шувли саккизта иш бўйича тергов олиб бормоқдалар. Ушбу ҳолатлар бўйича махсус хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 15 нафар ходими гумондор деб топилиб, улардан 9 нафари ҳибга олинган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура вакили таъкидлаганидек, Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота вилояти бошқармасининг икки нафар ходимига нисбатан тергов ҳаракатлари якунланди. Улар маҳбусни калтаклашда, натижада унинг ўлимига сабаб бўлганликда гумон қилинмоқда.
Қийноқлар бўйича барча жиноят ишлари терговнинг ўзига хос хусусиятлари билан тавсифланади. «Жабрланганларнинг аксарияти қишноқда иштирок этган шахсларни аниқлай олмайдилар, чунки улар ниқобда ёки оддий фуқаро кийимида бўлишган. Полиция биноларига уюштирилган ҳужумларда жиҳозлар шикастлангани боис, ишларда видео тасвирлар йўқ. Шунга қарамай, далилларни тўплаш бўйича тергов ва процессуал ҳаракатлар тўлиқ олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилади Шалабаев.
Февраль ойи бошида Толдиқўрғонда қийноқ излари туширилган суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалган маҳаллий фуқаро Азамат Ботирбоевга нисбатан қийноқлар қўлланилгани бўйича иш очилган эди. Жабрланувчининг айтишича, уни ички ишлар идоралари ходимлари қизиб турган темир ишлатган ҳолда қийноққа солишган.
Ўша ойнинг охирида Бош прокуратура январь воқеаларидан кейин қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича 203 та жиноий иш очилгани юзасидан маълумот берди.