Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинса, Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларида яна иштирок этиши мумкин бўлади. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz га берган интервьюсида Конституцияга ўзгартиришлар киритишдан асосий мақсад Мирзиёевнинг ҳокимият муддатини узайтиришми, деган саволга шундай жавоб берди.
«Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради. Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади. Бу – халқаро тажриба, янги конституциями, янги ҳуқуқий макон яратилди ва бу янгиланади», — деди Сафоев.
Сафоевга кўра, ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак.
«Бугун биз бир ниҳоятда таҳликали дунёда яшаяпмиз. Кундан кунга мураккаблашиб кетяпти. Шу жумладан бу мамлакатимиз учун ҳам салбий асоратларини кўрсатмасдан иложи йўқ. Лекин шунга қарамасдан биз ислоҳотларни давом эттиришимиз керак.
Мен аминманки, бу ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак. Буни мен ким билан хоҳласангиз ва қаерда хоҳласангиз баҳс қилишим мумкин», — деб таъкидлади Сафоев.
Унинг фикрича, «Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган сиёсатчи эмас».
«Кўриб турибмиз, у киши эл-юрт ва ватан учун хизмат қилишга бел боғлаган, ўз умрини бағишлаган инсон. Кўриб турибмизки, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, бирини икки қилиш, келажагини таъминлаш учун қанчалик ҳаракат қиляпти.
Бу ерда халқаро муносабатларга оид озгина билими бор инсон сифатида бир нарсани айтишим мумкинки, охирги беш йилда Ўзбекистонда ҳам ички сиёсат, ҳам ташқи сиёсатда қилинган ишлар мисолида дунёда энг йирик давлатлар томонидан янги формациядаги лидер сифатида эътироф этилган – Ўзбекистон президенти эканини ҳамма тан олмоқда», — дея изоҳлайди сенатор.
У ислоҳотлар ва олиб борилаётган сиёсат давомийлиги ва изчиллигини таъминлаш муҳим масала эканини қўшимча қилди.
«Бу эса президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг номи билан боғлиқ. У киши қандай қарор қабул қиладилар, билмайман, шахсан мен шу давомийликни таъминлашнинг тарафдориман», — деди Сафоев.
Конституциявий ислоҳотлар борасида Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида айтиб ўтганди. Унинг таъкидлашича, «конституциявий ислоҳотлар кўплаб давлатларда туб ўзгаришлар даврида амалга оширилган».
Кейинроқ Мирзиёев янгиланган Конституцияда акс этиши керак бўлган асосий фикрларни айтиб ўтди. «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, ёшларга оид давлат сиёсатининг акс этиши, болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари, экологик муаммолар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мавқеини кучайтириш ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунингдек, айрим тузатишлар соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлади.