Футбол бўйича U-23 Осиё кубоги ярим финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси япониялик тенгдошларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, турнир финалига йўл олди.
Осиё Футбол Конфедерасияси томонидан ўзбекистонлик мухлисларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари муносабати билан Тошкентдаги «Миллий» («Бунёдкор») стадионида бўлиб ўтган учрашув деярли бўш трибуналар олдида ўтказилди. Учрашувга фақат Япония терма жамоаси мухлислари ва мутасаддилари ташриф буюришга муваффақ бўлишди. Бироқ бу омил ўзбекистонликларнинг рақибни мағлуб этишига тўсқинлик қила олмади.
Биринчи бўлимда жамоалар ўзаро хавфли ҳужумлар уюштиришди, бироқ ҳеч ким мақсадга эришолмади. Бир соатлик ўйиндан сўнг ҳисобни Ўзбекистон терма жамоаси очди. Жасур Жалолиддинов узоқ масофадан кутилмаган ва чиройли зарбаси билан япониялик дарвозабон Сион Сузукини лол қолдирди. Япония терма жамоаси дарвозасига иккинчи тўп ўйиннинг асосий вақти тугашига бир дақиқа қолганида киритилди. Хусаин Норчаев яккама-якка гол киритди.
Яна бир ярим финал учрашувида Саудия Арабистони Австралияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ўзбекистон – Саудия Арабистони финал ўйини 19 июн куни «Миллий» стадионида бўлиб ўтади.
18 июн куни учинчи ўрин учун Австралия — Япония учрашуви «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.
U-23 Осиё кубоги мусобақалари 1-19 июнь кунлари Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги стадионларда бўлиб ўтади. Турнирда 16 та жамоа иштирок этади. Жанубий Корея амалдаги чемпион ҳисобланади.