Қозоғистонда январь ойидаги тартибсизликлар ташкилотчилари ўзларини фош қилиши мумкин бўлган изларни яширишган. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Гап шундаки, ушбу тадбирлар ташкилотчилари ва координаторлари ўзларини шунчалик профессионал тутганларки, улар фош бўлишига олиб келиши мумкин бўлган жуда муҳим изларни яширишга муваффақ бўлишди. Бироқ, вазирликлараро махсус гуруҳ ушбу давлат тўнтаришига уринишнинг барча тафсилотларини очиш учун қаттиқ ишламоқда.
Кичгина бир факт, махсус гуруҳ Олмаотада жуда кўп бўлган барча хавфсизлик камераларини йўқ қилиш, улардан платаларни олиб ташлаш ва ҳоказолар билан шуғулланган. Ва улар буни жуда профессионал тарзда бажаришган», — деди президент.
Шу билан бирга, у «Олмаотага қилинган ҳужум ўз моҳиятига кўра шафқатсиз бўлганини, одамлар жуда мураккаб қийноқларга учраганини, шифокорлар, оддий фуқаролар жабр кўргани, катта бозорлардан келган талончилар кўп бўлгани»ни таъкидлади.
«Вазиятнинг ўзи тажрибали мутахассислар томонидан яхши тартибга солинган. Улар одамларни маъмурий биноларга олиб боришган. Айтиш лозим, мазкур фожиали воқеалар пайтида 3000 га яқин қурол ўғирланган бўлса, бугунги кунда 1600 га яқин қурол топилди, қолган қуролларни қидириш ишлари давом этмоқда», — деди Тўқаев.
Давлат раҳбарининг ўзи тартибсизликлар пайтида Нур-Султондаги қароргоҳида бўлган. Президентнинг сўзларига кўра, унга мамлакатни тарк этиш тавсия этилган, бироқ у ўзини «охирига қадар» пойтахтда бўлиши керак, деб ҳисоблаб, бу ерни тарк этишни режалаштирмаган.
Президент, шунингдек, КХШТнинг можарони ҳал қилишдаги ролини тилга олиб, 30 йил ичида биринчи марта ўзини кўрсатиб, мамлакатга чекланган контингентни Россия эмас, айнан шу ташкилот юборганини таъкидлади. «Россияда баъзилар бу вазиятни нотўғри талқин қилиб, Россия Қозоғистонни қутқарди, энди Қозоғистон абадий хизмат қилиши ва Россиянинг оёғига йиқилиши керак, деб даъво қилмоқда. Бу ҳақиқатдан йироқ, мутлақо асоссиз мулоҳаза, деб ҳисоблайман», — деди Токаев.
Суҳбат чоғида Қозоғистон раҳбари мамлакати КХШТ ёки ЕОИИ таркибидан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни ҳам рад этиб, уларни «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб атади. У Россия ва Қозоғистон ўртасидаги дўстликни сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишига ишонтирди. Нур-Султон, Тўқаевнинг сўзларига кўра, Москва олдидаги иттифоқчилик мажбуриятларидан воз кечмайди, бироқ айни пайтда амалдаги санкциялар режимини бузиш ниятида эмас.
«Бундан ташқари, биз санкциялар бузилган тақдирда иқтисодиётимизга қарши Ғарбдан иккинчи даражали санкциялар жорий этилиши ҳақида хабарларни оламиз. Жуда мураккаб, нозик иш кетмоқда, мен буни Сцилла ва Харибда ўртасидаги ўтиш жойи (яъни, бирдан барча балоларни четлаб ўтиш, боши берк кўчадан йўл топиш — тарж.изоҳи) деб аташим мумкин. Аммо биз Россия ҳукумати билан жадал суръатларда ишлашда давом этамиз ва санкцияларни бузмаган ҳолда зарур келишувларга эришамиз», — деди президент.