Фотомухбир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган

Жабрланган фотомухбир. nova24.uz сайти фотосурати

Ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги доирасидаги Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги ўйинда «Пахтакор» стадиони трибунасидан отилган тошдан тан жароҳати олган фотомухбир ҳуқуқбузарга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

«Суриштирув жараёнида фуқаро Ж.С. ўзига нисбатан тан жароҳати етказган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган», — дейилади Ғиёсов хабарида.

Матбуот котибига кўра, мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилиб, оммавий тадбир жараёнида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахс аниқланган. Уларнинг 6 нафарига суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 10 нафарига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда 3 нафарига жазо сифатида жарима тайинланган. Қолган 28 нафар фуқарога нисбатан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ҳуқубузарлар ва жабрланган шахс. Sh.G'iyosov | IIV matbuot kotibi telegram-канали фотосурати

Воқеа 11 июнь куни Осиё кубоги 1/8 финали ўйини вақтида юз берган. 13-дақиқада ўзбекистонлик дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ўз жарима майдончаси ичида рақиб футболчисига ҳужум қилиб, майдондан четлатилади ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозасига пеналти белгиланади.

Шундан сўнг, асосан Ўзбекистон терма жамоаси мухлислари ўтирган трибуналарда тартибсизликлар бошланади. Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари майдонга турли буюмлар, жумладан бетон парчаларини ота бошлайдилар, улардан бири фотографга, иккинчиси хорижлик операторга тегади. Фотомухбирни стадиондан замбилда олиб кетишади. Ироқ ёшлар терма жамоаси бош мураббийи, чехиялик мутахассис Мирослав Сукуп вазиятни тартибга солиш талаби билан Осиё Футбол Конфедерациясига мурожаат қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ