Нурсултон Назарбоев Москвада Путин билан учрашди

elbasy.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, уни Россия куни билан табриклади, деб хабар берди 13 июнь куни Назарбоевнинг матбуот хизмати.

«Дўстона учрашув чоғида Қозоғистоннинг биринчи президенти ва Россия президенти икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклади. Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик тенг ҳуқуқли мулоқот асосида ривожланиб бораётгани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Томонлар Қозоғистон ва Россия халқлари фаровонлиги йўлида ўрнатилган дўстона алоқалар бундан буён ҳам давом этишига ишонч билдирган ҳолда бир-бирига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик тилади.

10 июн куни ORDA.kz Телеграм канали Назарбоев Москвага келганини маълум қилди. Нашрнинг биринчи президентга яқин манбалари Назарбоевнинг Россия пойтахтига Владимир Путин таклифи билан келганини маълум қилган. Шу билан бирга, бошқа Телеграм каналлари ҳам Назарбоевнинг ўзи Россия раҳбари билан учрашишни сўраганини ёзишган.

Кремль матбуот хизмати ушбу учрашув ҳақида ҳозирча хабар бермаган.

5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга давлат раҳбари ваколатларини қисқартирувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Шунингдек, ундан Нурсултон Назарбоевнинг алоҳида мақомига оид барча бандларни олиб ташлашга қарор қилинди. Овоз беришда қатнашган қозоғистонликларнинг 77,18 фоизи ушбу тузатишларни ёқлаб чиқди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ