Орган ходими қиз бурнини синдириб, зўрлаш билан таҳдид қилган. Тошкентда ҳужжатларни текшириш ёшларни калтаклаш билан якунланган

NEMOLCHI.UZ TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлимининг икки ходими 8 июнга ўтар кечаси қиз ва йигитни қаттиқ калтаклаганликда айбланмоқда.

Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳасидан ёрдам сўраган қизнинг айтишича, кечқурун у дўсти билан ўз уйи ёнида туришган. Уларнинг олдига орган ходимлари Азиз Йўлдошев ва Нурабек Қаҳрамоновлар келиб, ҳужжатларини кўрсатишни сўраган. Текшириб бўлгач, ёшларни бўлимга олиб кетишларини айтишади. Қиз ва йигит ҳибс учун ҳеч қандай асос йўқлиги сабаб, ҳеч қаерга бормасликларини айтишади. Қиз нима бўлаётганини қўл телефонига ёза бошлайди. Бироқ, ИИБ ходимлари йигит ва қизни зўрлаб машинага ўтқазишади, телефонларни олиб, ёзувни ўчириб ташлашади.

Туман Ички ишлар бўлимида ёшларни маълумотлар базасидан текширишади ва ҳибсга олиш учун ҳеч қандай сабаб топилмагач, уларни қўйиб юборишади. Аммо, уларни бўлимга етказиб келган ходимлар ёшларнинг телефонларини олиб қўйиб, машинага ўтиришини буюради. Қиз уйга бораман, деб рад этади. Орган ходимларидан бири қизнинг қўлидан ушлаб, машинага судраб олиб боради ва машинага ўтқазиб, унинг юзига мушт тушириб, бурнини синдиради. Йигит қизни ҳимоя қила бошлайди, лекин орган ходимлари унинг қўлларини қайириб, кишан солишади, бир неча марта уриб, машинага ўтқазишади.

Қизнинг уларни қаерга олиб кетаётгани борасида саволига, орган ходимлари уни зўрлаш билан қўрқитишади. Қиз ёнини олган йигитни таёқ билан дўппослашади.

«Кейин ходимлар йигитни машинадан тушириб, судрашади, икковлон бор кучи билан йигитни калтаклашади. Қиз қўрқувдан қоча бошлайди, бироқ ходимлардан бири унинг орқасидан етиб олади ва қизнинг кўкраги ва ошқозонига тепади, сўнг қизни машинага қамаб қўйишади. Қиз ёрдам сўраш учун рацияга қўл чўзади, ички ишлар ходими уни яна калтаклай бошлайди», — дейилади Nemolchi.uz хабарида.

Ёшларни бошқа ички ишлар бўлимига олиб келишган. Уларга тиббий ёрдам ва ичимлик суви беришмайди, шунингдек қариндошларига қўнғироқ қилишга рухсат беришмайди. Йигит ва қизни турли хоналарга қамашади, қизнинг сўзларига кўра, уни маст эркаклар билан бир хонага қамаб қўйишган.

«Эртаси куни эрталаб қизнинг қариндошлари танишлари орқали унинг қайси бўлимда эканини аниқлашга муваффақ бўлишади. Улар милиция бўлимига келиб, тасодифан деразадан қиз ва йигитнинг калтаклаганини кўриб қолишган», — деб хабар беради Nemolchi.uz.

Кейинроқ, шифокорлар қизнинг бурни сингани, олд қисми ва қорин бўшлиғи кўкаргани, йигитда эса ёпиқ бош мия жароҳати борлиги, бош мияси чайқалгани ва деярли бутун танасида кўкаришлар борлигини аниқлаганлар.

Ёшлар дўппосланганини ёзиб олишган, Йўлдошев ва Қаҳрамоновларнинг устидан ариза беришган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати Nemolchi.uz таҳририяти сўровига жавобан, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани ва ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини маълум қилади. ИИБ масъуллари «айбдорлар қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортилади», деб ваъда беришган.

Мазкур воқеа юзасидан Бош прокуратура ҳам муносабат билдирди. Назорат органи матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур факт юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда хориж сайёҳларини қўлга олиш чоғида ички ишлар ходимлари томонидан электрошокер ишлатилгани билан боғлиқ ҳодиса кенг муҳокама қилинганди. Натижада икки нафар айбдор орган ходими ишдан бўшатилди, прокуратура уларга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматовнинг сўзларига кўра, ишдан бўшатилган ходимларнинг раҳбарлари ҳам ўз қўл остидагиларга электр ўтказгичлардан фойдаланиш бўйича аниқ кўрсатма бермагани учун ўз лавозимидан айрилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ